«СУFД-2019» ХАЛҚАРО ЯРМАРКАСИ БОШЛАНДИ

Автор: Суғд Ҳақиқати Категория: ВИЛОЯТ ЯНГИЛИКЛАРИ
Дата публикации Просмотров: 2502
Печать

Шу йилнинг 21 июн куни «Суғд-2019» олтинчи Халқаро савдо ярмаркасида иштирок этиш учун Суғд вилоятига ташриф буюрган Ӯзбекистон, Белоруссия ва Қирғизистон Республикалари расмий ҳайъатининг раҳбарлари Шоҳ Исмоил Сомоний ҳайкали пойига эҳтиром рамзи сифатида гулчамбар қӯйишди.

Сомоний ҳайкали пойига гулчамбар қӯйиш чоғида Қирғизистон Республикаси ҳукуматининг Боткент вилоятидаги ваколатли вакили Акрам Мадумаров, Белоруссия Республикасининг Тожикистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олег Иванов,Белоруссия Республикаси Минск вилояти раиси ӯринбосари Игор Макар, Ӯзбекистон Республикаси Фарғона вилояти ҳокими ӯринбосари Муҳсинхӯжа Абдураҳмонов каби меҳмонларга Суғд вилояти Раиси Ражаббой Аҳмадзода ва бошқа расмий кишилар ҳамроҳлик қилишди. «Суғд-2019» олтинчи Халқаро савдо ярмаркасида иштирок этиш учун Россия Федерацияси, Қозоғистон, Ӯзбекистон, Қирғизистон, Белоруссия, Туркманистон Республикалари, Хитой Халқ Республикаси, Афғонистон, Саудия Арабистони расмий ҳайъати ва тижорат доиралари вакиллари ҳамда нуфузли халқаро молиявий ва савдо ташкилотлари вакиллари ташриф буюришган.

Кейинги йилларда Суғд вилояти маркази бӯлган Хужанд шаҳрида «Суғд-Экспо» халқаро савдо ярмаркаси ӯтказилиши анъанага айланди. Бу Халқаро савдо ярмаркалари маҳаллий ва чет эл мамлакатлари ишлаб чиқариш корхоналари ва ширкатларининг келгусида янада самарали фаолият юритиши учун катта имкониятлар яратади.    

Гулчамбар қӯйиш маросимидан кейин Хужанд шаҳридаги Спорт қасрида «Суғд-2019» олтинчи Халқаро савдо ярмаркаси ӯз ишини бошлади. Ярмарка иштирокчиларини мезбонлар карнай ва сурнай садолари остида кутиб олишди. Ушбу тадбирнинг очилиш маросимида узоқ ва яқин чет давлатлар вакиллари, ҳамкорлик бӯйича Тожикистоннинг шериклари, иштирокчи давлатларнинг минтақалардаги вакиллари, дипломатик ва савдо корпуслар вакиллари ҳамда халқаро ташкилотлар иштирок этдилар.

«Суғд-2019» олтинчи Халқаро савдо ярмаркасининг очилиш маросимида вилоят Раиси Ражаббой Аҳмадзода иштирокчилар ва тадбир меҳмонларига вилоят раҳбарияти номидан ташриф буюрганликлари учун миннатдорчилик билдирди.

Вилоят Раиси ярмарканинг аҳамиятига тӯхталар экан, ушбу тадбир иқтисодий ва савдо ҳамкорликларини тараққий эттириш, экспорт қудратини ошириш, сармоя ӯтказувчиларни жалб этиш, қӯшни давлатлар орасида дӯстона иқтисодий ҳамкорликни йӯлга қӯйиш, замонавий технологияларни киритиш, дунёнинг турли мамлакатлари ва тараққиёт шериклари билан икки томонлама ва ҳар томонлама ҳамкорликларни мустаҳкамлаш мақсадида олтинчи марта ӯтказилаётганини таъкидлади.

Шунингдек, вилоят Раиси ӯз сӯзида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон раҳбарлигида Тожикистон Республикасида халқ хӯжалигининг барча соҳалари тараққиёти таъминлангани, мамлакатимизнинг бошқа мамлакатлар билан иқтисодий алоқалари йилдан-йилга яхшиланиб бораётганини айтди.

– Ушбу ярмарка Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг минтақаларлараро ҳамкорликларни мустаҳкамлаш, иқтисодий йӯналишни янада тараққий эттириш ва мамлакатни жадаллик билан саноатлаштириш, Тожикистоннинг экспорт қудратини ошириш тӯғрисидаги кӯрсатма ва топшириқлари асосида ташкил этилмоқда. Бугунги олтинчи Халқаро савдо ярмаркасига аввалги доимий иқтисодий ва савдо шерикларимиздан ташқари, яна бир неча янги вакиллар хам келишган. Улар билан ҳам фойдали шартномалар тузилиб, келгусида самарали ҳамкорлик йӯлга қӯйилишига ишонаман. Йилдан-йилга ярмаркамиз иштирокчилари географияси кенгайиб боряпти. Иқтисод ва савдо соҳасида ҳамкорликларни янала кенгайтириш учун вилоятимизга ташриф буюрган Россия Федерацияси, Белоруссия, Қозоғистон, Хитой Халқ Республикаси, Туркманистон, Туркия, Саудия Арабистони, яқин қӯшниларимиз-биродар Ӯзбекистон ва Қирғистон Республикалари ва бошқа давлатлардан ташриф буюрган иштирокчиларни чин дилдан қутлайман. Россия Федерациясининг Нижегородск, Саратов вилоятлари, Красноярск ӯлкаси ва Ханти-Мансийск автоном округи, Ӯзбекистоннинг Тошкент, Фарғона, Наманган ва Самарқанд вилоятлари, Белоруссиянинг Минск вилояти, Қирғизистоннинг Боткент областидан келган вакиллар, яқин ва узоқ чет мамлакатлар ширкатлари, барча давлат ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари сифатида иштирок этаётганларга ӯз миннатдорчилигимни билдираман,-деди вилоят Раиси.

Суғд вилояти Раиси Ражаббой Аҳмадзода бу ярмарка аллақачон давлатлар орасида нуфузга эга бӯлгани, борган сайин анъанавий    тус олиб бораётгани, нафақат Суғд вилоятининг, балки бутун мамлакат иқтисодий ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб бораётганини таъкидлади.

Суғд вилояти давлат ҳокимияти ижроия органининг ташаббуси билан халқаро савдо тараққиётини қӯллаб-қувватлаш, экспорт қудратини ошириш, яқин ва узоқ чет эл мамлакатлари билан фойдали ҳамкорликларни йӯлга қӯйиш, сармояни жалб этиш, замонавий технологияларни киритиш, сархил мева ва сабзавотлар, қуритилган мевалар, турли саноат маҳсулотлари намуналари ва халқ ҳунарлари маҳсулини намойишга қӯйиш мақсадида, олти йилдан бери ӯтказилаётган мазкур ярмаркада турли давлатлардан кӯплаб соҳибкорлар, тижоратчилар иштирок этишаётгани бу тадбирнинг нуфузи ошиб бораётганидан далолат беради.

Халқаро савдо ярмаркасини ташкил этишдан мақсад, Суғд вилояти иқтисодий имкониятлари ва қобилиятлари ҳамда узоқ-яқин чет эл мамлакатларининг илғор тажрибаларини кӯрсатиш учун имконият яратиш орқали чет давлатларнинг савдо ширкатлари, сармоя ӯтказувчилар ва тадбиркорлик доиралари билан узоқ муддатли савдони ва Тожикистоннинг Суғд вилояти ҳамда бошқа минтақалари тадбиркорлик жамиятлари ӯртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашдир.

Вилоят Раиси, шунингдек, вилоятда тадбиркорлик фаолияти, экспорт имкониятлари, қишлоқ хӯжалиги соҳалари ҳолати, саноат ва сайёҳлик тӯғрисида сӯз юритиб, «Суғд-2019» олтинчи Халқаро савдо ярмаркаси бугунги тадбирда иштирок этаётган мамлакатлар савдо доиралари ӯртасида ҳамкорликларни янада мустаҳкамлаш, халқаро савдони ривожлантириш, имкониятлардан самарали фойдаланиш, мол ва маҳсулот алмашинуви ва фойдали ҳамкорликларни йӯлга қӯйиш учун хизмат қилишини таъкидлади.

Шундан сӯнг, Тожикистон Республикаси ҳукумати қошидаги Сармоя ӯтказиш ва давлат мулкини бошқариш қумитаси вакили, Россия Федерацияси Савдо ва саноат палатаси вакили, Қирғизистон Республикаси ҳукуматининг Боткент вилоятидаги ваколатли вакили Акрам Мадумаров, Белоруссия Республикасининг Тожикистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олег Иванов, Ӯзбекистон Республикаси Фарғона вилояти ҳокими ӯринбосари Муҳсинхӯжа Абдураҳмонов, Белоруссия Республикаси Минск вилояти раиси ӯринбосари Игор Макар ва бошқалар сӯзга чиқиб, «Суғд-2019» олтинчи Халқаро савдо ярмаркасининг даватлар ӯртасидаги савдо муносабатларини тараққий эттиришдаги аҳамиятига тӯхталдилар. 

Сӯзга чиққанлар халқаро ярмаркага иштирок этадиган минтақа ва давлатлар сони ошиб бораётгани бу тадбирни қатнашчилари фаолиятидаги фаоллик, унинг ӯтказилишидаги яхши самара, қатнашчилар учун яратилган қулай шароит ва айниқса, давлатлар орасида икки томонлама бӯлганидек, кӯп томонлама савдо-иқтисодий ва маданий алоқаларнинг мустаҳкамланиши учун берилган қулай имконият туфайли эканлигини айтдилар.

«Тожикистон мамлакат Президенти Эмомали Раҳмоннинг оқилона сиёсати туфайли йил сайин ӯзининг жаҳон ҳамжамиятидаги мавқеини мустаҳкамлаб бораётгани ҳаммага маълум. Шу сиёсатнинг самараси ӯлароқ, мамлакат аҳли иқтисодий-ижтимоий йӯналишда кӯзга кӯринарли ютуқларни қӯлга киритишяпти, шунингдек, Тожикистон жуда муҳим халқаро лойиҳа ва дастурларнинг ташаббускори эканлиги тожикистонликларнинг фахрланишига арзийди», дея қайд этишди келгусида Тожикистон ва Суғд вилояти билан турли ҳамкорликларни кенгайтириш  мақсадида бӯлган иштирокчилар.

Турли давлат вакиллари бӯлган соҳибкорлар тожикларнинг анъанавий меҳмондӯстлигига яна бир карра амин бӯлиб, ҳар томонама фойдали ҳамкорликлар йӯлида янги шериклар топишларига умид билдиришди.

Ярмарка иштирокчилари, аввало, Тожикистон Республикаси ишлаб чиқариш ширкатлари, тижоратчилар ва соҳибкорлар билан икки томонлама ҳамкорликларнинг самарали йӯлларини топиб, бу ҳамкорликлар доирасини келгусида янада кенгайтириш ниятидалар.

Шунингдек, ярмаркада енгил саноат ва тӯқувчилик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари, савдо ширкатлари, банклар, молиявий ташкилотлар, маслаҳат бериш хизмати, лизинг, транспорт ва мамлакатнинг турли минтақалари миллий ҳунармандлари вакиллари иштирок этиб, ӯзларининг энг охирги ютуқларини кӯргазмага қӯйишди.

Республикамизнинг турли минтақаларидан, яъни Хатлон ва Тоғли Бадахшон Мухтор вилоятлари, жумҳурият бӯйсунишидаги ноҳиялар, Душанбе шаҳридан келган тадбиркорларнинг бу анъанавий халқаро савдо ярмаркасида иштирок этишлари ҳамкорликнинг икки томонлама фойдали қирралари очилишида муҳим ӯрин тутади.

Суғд вилояти Истиқлолият йилларида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг узоқни кӯзлаб юритган оқилона сиёсати туфайли иқтисодий тараққиёт ва аҳоли турмуш тарзининг юксалишида улкан ютуқларни қӯлга киритди. Кейинги йилларда Суғд вилояти тараққиёт йӯлида илдам қадам ташламоқда.

Мамлакат Сарвари Эмомали Раҳмоннинг кӯрсатмалари билан мамлакатда, жумладан, Суғд вилоятида ҳам иқтисодий ӯсиш кӯрсаткичларини пасайтирмаслик, маҳсулот ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш учун тегишли тадбирлар белгиланган. Шунингдек, маданият янада ривожлантирилиб, тарихий-маданий қимматга эга бӯлган иншоотлар қайта тикланди. Бугунги кунда қадимий Суғд эшиклари чет эллик сайёҳлар учун очиқ ҳамда замонавий сайёҳлик инфратузилма барпо этилиб, олий даражада хизмат кӯрсатиш йӯлга қӯйилган.

Шундан сӯнг, вилоят Раиси Ражаббой Аҳмадзода бошчилигида меҳмонлар ва иштирокчилар кӯргазмага қӯйилган маҳсулотларни кӯздан кечиришди.

«Суғд-2019» Халқаро савдо ярмаркаси доирасида, шунингдек, «Суғд вилояти ёш тадбиркорларининг инвестицион-савдо лойиҳалари тақдимоти» йиғилиши ва Минтақалараро ҳамкорлик, имкониятлар ва режалар форуми ӯтказилиши кӯзда тутилган.

Ойдин СУЛАЙМОНОВА

 

психологическая помощь | как лечить простуду | крис картер секретные материалы | отзывы об отелях Бельгии и отзывы об автомобилях Citroen