Автор: Суғд Ҳақиқати Категория: Адабиёт
Дата публикации Просмотров: 4273
Печать

Шеърият қалб нидосининг гӯзал ифодаси бӯлиб, у барча давр ва замонда маънавий бойлик сифатида эъзозланган. Шеър ҳудудлар оша қанот ёйиб, шеъриятга ошно дилларга кириб келаверган. Айниқса, шеърият шайдоси бӯлган ёшлар ижодининг севиб ӯқилиши таҳсинга сазовордир.

Бизнинг электрон почтамизга келиб тушган шеърлар орасида қӯшни Ӯзбекистон Жумҳуриятида яшаб ижод қилаётган ёш қаламкашларнинг ижод намуналари ҳам борлиги қувонарлидир. Тожик ва ӯзбек ижодкорлари орасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланишига ишонч билан уларнинг шеърларидан намуна беришни лозим топдик. Биз ӯзбекистонлик ижодкор дӯстларимизга юксак ижодий парвозлар тилаймиз.

 

 

«Ӯқилмаган китоб»

"Тегилмаган тиниқ муқова,

Ӯқилмаган оппоқ варақлар..."

Жонон, бунга ясаб ниҳоя,

Сени ким ва қачон "варақлар"?!

 

Муқовангдан боқаман аста:

Саҳифалар кӯрмаган хатчӯп!..

Изн бергин, айтгин оҳиста,

Саҳифангни кӯрмоққа де "Хӯп!.."

 

Қарашларинг... Гӯё ҳошия!..

Гӯё ӯқилмаган китоб - қалб,

Юз бор "Астағфирулло-о-оҳ!" дея...

Муқовангга муҳр босди лаб!..

* * *

Жимжитлик. Сукунат. Демак, ҳозир тун:

Эшитилиб турар юрак уриши,

Соат чиқиллаши бир маром, сокин.

Бошланар ошиқнинг хаёл суриши...

 

"Дала. Боғ. Йигит, қиз. Қӯллар боғланган

Гӯё... ҳеч ким йӯқдек улардан бошқа...

Суяниб туришар қиз билан йигит,

Бир-бирин қучоқлаб, ӯтириб тошга...

 

Ой нурин сочмоқда, дала, боғ - ёруғ,

Ошиқлар кӯринар юзда хол янглиғ.

Ой нурин сочмоқда: ёруғ, тиниқ, пок,

Ошиқнинг хаёли, орзуси янглиғ...

 

Қизнинг қулоғига шивирлар йигит,

Қучилар кучлироқ маъшуқ елкаси!..

Шу ҳолат!" Ухлайди ошиқ-маъшуқлар,

Қучоғида эса ҳамон... Кӯрпаси!..

Fиёсхон УМАРХОНОВ

 

Ота уй

Мӯъжаз ҳовли,

Каттагина боғ,

Дарвозаси ҳеч турмайди берк.

Бунда кезиб юрар бош-адоғ

Тоғ ҳавосин кийиб олган Эрк.

Бунда кесмас қуёш қӯлини

Кӯча бӯйлаб чӯзилган девор.

Бунда турмас юрак зӯриқиб,

Овоз чиқар яйраб, жарангдор.

Тепсанг қӯшнинг қилмас безовта,

Пешонаси тош остоналар.

Сомонсувоқ баданларига

Беҳи ҳидин сепган хоналар.

Учта сандиқ, бир эски танча –

Шудир холос бисот дегулик.

Дабдаба ва буюм ӯрнига

Ӯрнатилган меҳр, тотувлик.

Ота ҳовлим,

Томинг четида

Айронкади осилган бутоқ –

Қучоғингда тургани учун

Мендан кӯра бахтли,

Бахтлироқ!..

 

ИСТАК

Шундайин севсангиз…

Айтганингиз чоғ

Исмим куйдиролса лабларингизни…

Юлдузнинг тушига бахт кирган тунлар

Ой менга етказса гапларингизни…

Ёдим ёдингиздан ӯтганда чатнаб,

Кӯзингиздан сизиб кетса қайғунгиз…

Нигоҳимни эслаб, энтиксангиз жим,

Майсалар титроғин кийса руҳингиз…

Гулга ӯхшатсангиз,

Кейин ӯзингиз

Гулдан қизғонсангиз рафторларимни…

Дайди шамоллармас, сизнинг қӯлингиз

Варақласа кӯнгил дафтарларимни…

Гулнинг кӯзёшлари – шабнам мисоли

Томсам субҳидамнинг ёноқларидан…

Сингдирсангиз мени, қуёшдай балқиб

Осмоннинг муаззам равоқларидан…

Агар келар бӯлсам ҳузурингизга,

Шуълага бӯялса каҳкашонингиз…

Агар кетар бӯлсам…

Бундан аввалроқ

Жисмингизни ечиб кетса жонингиз…

Шундайин севсангиз…

Гӯзал севсангиз…

Ирода УМАРОВА

 

Мен ӯзимга тушунмай қолдим,

Юрагимда бошланди ҳадик.

Бӯғзим довур тиқилган алам,

Юрагимда қӯрғошин бордек...

Оҳ, бақириб йиғлагим келар.

Армон,

Алам -

Дил кушандаси...

Ё Раб, нечун бахтсиз яратдинг,

Авжланмоқда тақдир нағмаси.

Эҳ, умримга ачиндим, куйдим,

Хато бӯлди босган қадамим.

Ишқ,

Ишқ ... фақат ишқ деди юрак,

Нуқул ишқдан битди қаламим.

Дард тӯкилди ожиз ва бесас,

Оқ қоғозлар титилиб кетди.

Мен кутган бахт,

Мен кутган инсон,

Ӯзга ёр-ла муродга етди.

Сӯйлаяпман ишқий достонлар,

Саргузаштга бой бӯлди умрим.

Аламли кун кӯзёш овунчоқ,

Сабр - қизим,

Ёлғизлик - ӯғлим.

Зурёдларим - яралган шеърлар,

Балки ортда қолар изларим...

Мен севгидан кетганман нари,

Тарқаб кетди ноёб ҳисларим.

Лайли деманг,

У бахтга ошиқ,

Мажнунига севилган дилбар.

Меникидан бӯлак қисмати,

Менман, асли, ишқсиз дарбадар.

Ҳижрон,

Азоб,

Ёлғонлар ичра,

Топталади ҳар куни қадр.

Қорачиғим тортибди хира,

Воҳ, яхшиям қизим бор - сабр...

Мен ӯзимга тушунмай қолдим,

Юрагимда бошланди ҳадик,

Хайр, дея аламим олдим,

Сӯнгги кунга кӯриб тадорик...

Зилолабону ХОЛИҚОВА

 

Йӯқлов

Юлдузлар суврати ӯчмасдан ҳали,

Қуёш кун саҳнига қӯймасдан қадам.

Саҳар шабнамга юз чаяр маҳали,

Оҳиста ойнамни чертади дадам.

-Ӯғлим, бисёр ухлаб қӯймадингизми,

Ғафлат оғушида қолманг бу қадар.

Онангиз соғиниб кӯзларингизни,

Ӯксинар, сиз эса бунда бехабар!

Яшамоқ - имтиҳон, гоҳ қилар ӯйин,

Инсон ҳаётига синов берар зеб.

Боринг, акангиздан ҳол сӯраб қӯйинг,

Тинкаси қуриди тирикчилик деб!

Сингиллар - қӯйиндан учган қуш каби,

Бир кафт меҳр тутинг қанотин силаб.

Буғдойзорни кечиб боринг улар-чун,

Жонин тӯшарга шай бир дийдор тилаб!

-Дада,- дейман, - дада, соғиндим ёмон,

Кафтингизни беринг, бошимда турсин!

Мени гумроҳ қилган, рангимни сомон,

Девона кӯнгиллик - шоирлик қурсин!

...Шафақ қозонидан сут тошар аста,

Қуёш кун саҳнига қӯяди қадам.

Уйғондим, енгимга кӯзёшим арта,

Ахир, деразамни чертганди дадам...

 

 

Шавкат Раҳмонга

Шундай ҳайқирайки, йиртилсин кӯксим,

Шамоли синдирсин сохталик жомин.

Уммонлар чайқалсин, тоғлар тиз чӯксин,

Токи айтар сӯзим Халқ бӯлсин, омин!

Минг майда орзуни қувмоғим шартки,

Юракдан бир истак тополсин қӯним.

Бу тарқоқ дунёда шундай яшайки,

Элни бирлаштирсин ҳатто ӯлимим!

Асрорбек СОЛИЖОНОВ

 

Бойчечак мудрайди қорлар остида,

Қорликлар бағридан топгум гулимни.

Майлига, юрайин музлар устида,

Майли, изғиринлар тӯссин йӯлимни…

Барибир баҳорни олиб келаман.

 

Кӯклам қуёши ҳам кечикди бироз,

Қорлар гулзорларда, боғларда қолди.

Қалдирғоч келолмай ичиккани рост,

Кунимиз қоп-қора зоғларга қолди.

Барибир баҳорни олиб келаман.

 

Осмонда булутлар қолди кетолмай,

Қор-у ёмғир қилиб тӯкди ёшини.

Дарахтлар қийналар куртак очолмай,

Майсалар кӯтармас нега бошини?

Барибир баҳорни олиб келаман.

 

Баҳор кечикканин сезмади ҳеч ким,

Баҳор қани, дея сӯрмади биров.

Майли, қишга қарши туриб бир ӯзим,

Ҳар битта юракда ёқаман олов.

Барибир баҳорни олиб келаман.

Илҳом САЛИМОВ

 

Дил куяр, тил куяр, куяди юрак,

Кӯнгил пештоқида мӯлтирар тилак,

Бир кун тош ҳайкалга айлансам керак,

Сизни кутавериб...

 

Осмоннинг кӯзёши эмас бежизга,

Раҳми келаётир мендек беизга,

Айланиб боряпман оқсоч қорқизга

Сизни кутавериб.

 

Кафтимдан тӯкилиб кетяпти дуо,

Вужудим сиқувга оляпти вафо,

Бир умр улфатим бӯлади жафо

Сизни кутавериб...

Умида КАРИМОВА

 

Агарда қайтмасам...

Кузги боғларга

Бир насим бӯламан, чекинар оғриқ.

Кӯзимнинг олдида юксаласан сен,

Кӯзимнинг олдида улғаяр борлиқ.

Мен сингиб бораман майсага, ерга,

Қайғулар кӯксимни топтамас бевақт.

Менинг юрагимда чайқалар дунё,

Менинг овозимда чучкирар дарахт.

 

Агарда қайтмасам,

Қайтолмасам мен,

Яна жим кетаман нурафшон бӯлиб.

Бир ичкин нолада, эзғин нолада

Кӯзларим қайтади намозшом бӯлиб..

* * *

Заминнинг кӯзига жойлашганимда,

Юрагимни тутса, қушлар кӯз ёши.

Менинг бенаф, бедод оғриқларимдан

Айланиб кетганда дунёнинг боши.

Мезонлари менга - сафарга чиқса,

Ёдимнинг кӯнглида чалкашаверса.

Дарахт одам бӯлиб, сабо тилида

Нафасларим билан гаплашаверса.

Дард ёмғирдай юзга тӯкилганида

Бошимни силаса Айюб бардоши.

Мажнуна ҳислардан илтифот кутиб,

Ғашланиб ботганда руҳим қуёши,

Сиз етиб келасиз орзулар билан...

Бахтинисо МАҲМУДОВА

 

Эгилса эгилар қомати, аммо

Эгмайди ҳеч қачон бошини эркак.

Тоғлар ногоҳ қулаб тушмасин учун,

Кӯрсатмас кӯздаги ёшини эркак.

 

Эркак ҳам йиғлайди фарёдсиз, унсиз,

Босган қадамлари кетганда беиз,

Лек номард қошида чӯкмагайдир тиз,

Кӯтарар маломат тошини эркак.

 

Ҳаммасидан устун қӯйиб орини,

Яқинлари учун бериб борини,

Тинглаб аёлининг кӯнгил зорини,

Ӯзи ютар ғамнинг ошини эркак.

 

Совғалар беради сингилларига,

Гуллар тутқазади ёр қӯлларига,

Қарайди доимо кӯнгилларига,

Учирмас миннатдан қошини эркак.

 

Сиз эса меҳрингиз тутинг қилиб гул,

Жилмайинг, ҳадянгиз, туҳфангиздир шул,

Муҳаббат бӯлмаса барчаси бир пул,

Умр нақши аёл, кошини эркак.

 

Елкада тоғдайин ташвишлари бор,

Юзларида ажин, сочларида қор,

Дунё кӯзларига келганида тор,

Кӯрсатар сабри-ю дошини эркак.

Ишонган дӯстлардан чиққанида ёв,

Меҳр кӯрсатгани бӯлиб турса ғов,

Юрак билан ёлғиз қолар ва икков

Яшириб йиғлайди ёшини эркак.

Фахриддин СУЯРОВ

 

Авжи баҳор.

Оқтеракларга

Ӯхшар эди мағрур қоматинг.

Ӯзинг билиб қӯлларинг билан,

Хазинангни қӯйдинг йӯқотиб

Авжи баҳор.

Настарин гуллар

Атир сепар. Ҳаво ширакайф.

Сен-чи, ҳушёр эдинг,

Эзилиб

Мен кӯнглингдан кетаётган пайт.

Авжи баҳор.

Ажойиб баҳор!

Кафтларимда гулларди борлиқ.

Сен-саховат билмаган ножон,

Олиб қӯйдинг севгимни тортиб.

Авжи баҳор сӯлди чечаклар,

Қовжиради кӯнгил-кузги боғ.

Кӯп йилларнинг баҳридан ӯтдим,

Мен Ӯзимни топгунимча то.

Авжи баҳор.

Менга тераклар

Мағрурликни ӯргатётганда —

Совуқ урган фаслдек қайтдинг,

Сен баҳорга бӯлиб шарманда!

Авжи баҳор.

Руҳинг эзилди,

Мен сирғалиб хонадан чиқдим…

Кӯчаларда настаринларнинг

Ҳушёр ҳаво ичмоқда атрин.

Авжи баҳор чечаклар кулар,

Юрагимнинг сезимларидан.

У жилмаяр тоза осмонда,

Ғолиб келган севгиси билан!

Башорат ОТАЖОНОВА

 

Аёл

Қадоқ қӯлларингда бешик изи бор,

Меҳрингда улғайган фарзандинг бисёр,

Жаннатни соғиниб ким изингда зор,

Дуоси муқаддас Онамсан, Аёл.

 

Гуллар таровати сенда мужассам,

Покиза қалбингда иймон нури жам.

Қиёсинг айтмоққа, нетайин, сӯз кам,

Дунёда тенги йӯқ сиймосан, Аёл.

 

Бахтимга соғ бӯлгин, шод юргин доим,

Фарзандинг камолин кӯргин илойим.

Дунё саодатин берсин Худойим,

Сен онам, сен опам, синглимсан, Аёл.

* * *

Булут бӯлиб осмонга учсам,

Ёмғир бӯлиб тушсам сочингга.

Офтоб бӯлиб сӯнг сени қучсам,

Сингиб кетсам мен қучоғингга.

 

Гулзор ичра мен насим бӯлиб,

Атиргулнинг ёноғин ӯпсам.

Ифорларга лиммо-лим тӯлиб,

Соғинч билан сӯнг сенга тутсам.

 

Ой нурига ӯралиб тунда,

Ётоғингда улашсам зиё.

Унут бӯлиб ғамларинг шунда,

Орзуларинг бӯлмайди рӯё.

 

Шунда мендек чин қалбдан суйиб,

ҳаётимга сен қайтасанму?

Ва кӯксимга бошингни қӯйиб,

"МЕН БАХТЛИМАН!" деб айтасанму?!

Комилжон АСЛОНОВ

 

Бир кӯкдам келдики...

Эртакка айланар соғинчим,

Кӯнглимда кун кӯрар афсона.

Бир кӯклам келдики-йӯқ тинчим,

Борлиғим руҳимга бегона.

 

Ҳушимда кӯрганим рӯёдай,

Тушларим ӯнгларга харидор.

Камалак рангдаги дунёдай

Кӯнглимда сеҳркор недир бор...

 

Рӯёбга туташган ишқимда

Дунёнинг умиди чӯкар тиз.

Фақат сиз...

Фақат сиз тушимдан -

Ӯнгимга айланиб келсангиз...

Эртакка айланар ҳаётим...

* * *

Телефон рақаминг чиройли эди,

Ҳатто бармоқларим биларди ёддан.

Айтар сӯзларинг ҳам киройи эди,

Мен ёниб тинглардим ҳар бир ифоданг...

 

Сен жуда севардинг кулгуларимни,

Ҳар куни чорлардинг эшитмоқ учун.

Менга бағишланган туйғуларингни

Жой топа олмасдинг беркитмоқ учун...

 

Бу ёруғ дунёда иккимиз яккаш,

Ва битта муҳаббат бор эди, холос.

Қайдандир айрилиқ келди-ю туташ,

Битта йӯл иккига бӯлинди бехос...

 

Энди қӯнғироқдек кулгуларим йӯқ,

Журъат йӯқ минг йилда бир чорламоққа.

Ӯзгариб кетгандир рақамлар - совуқ...

Балки, тақдирингда бахт порламоқда?..

 

Менсиз толеингга ишонолмадим,

Умидим бор эди: "Бир кун қайтасан!

Қӯнғироқ қиласан: "Сени изладим"

Қандай соғинганинг йиғлаб айтасан..."

 

...Минг йиллар ӯтгандек ӯзгарди замон,

Умид сочларига қировлар инди.

Лек сени ҳалиям яхши кӯраман,

Фақат, рақамингни билмайман энди...

Шаҳноза ЭШМИРЗАЕВА

 

Она!

Кӯзларингиз бунчалар маҳзун,

Нечун қароғингиз ғамларга чӯккан?

Сиздек муштипарни кӯрганми очун,

Боласин умрига жонини тиккан?

Она!

Елкангизда умрнинг дарди-

Замин ҳам бу юкни кӯтаролмайди.

Ахир ӯзингиз-ку дунёнинг марди,

Мени Сиздан ӯзга қутқаролмайди.

Она!

Пойингизга Яратган Эгам,

Аршдаги жаннатни тӯшагани рост.

Раббимнинг кӯкдаги фариштаси ҳам

Сизга ҳавас қилиб, ӯхшагани рост.

Она!

Юзингизга чанг солган ажин -

Менинг ташвишларим, ӯйлариммиди?

Жимгина йиғлайсиз...

Шикаста...

Ҳазин...

Айтинг, орзуйингиз - тӯйлариммиди?

Она!

Бунча метин бардошларингиз,

Ҳатто тоғларни ҳам тутиб туради.

Қаранг, мендан бахтли кӯзёшларингиз -

Ҳар кун кипригингиз ӯпиб юради...

Она!

Бу дунёнинг бахтлари талош,

Бахтни излайдилар... кулгим келади!

Мен-чи?

Бағрингизга қӯйганимча бош,

Пойингизни қучи-и-иб ӯлгим келади...

Она!

Сочингизга қӯнган қировлар-

Орзуйимга келган овчиларимми?

Кӯксингизга армон ёққан оловлар -

Менга айрилиқдан совчиларимми?

Она!

Бахтлимисиз,

Айтинг, Онажон!

Фарзанд бӯлиб сизни кулдиролмадим.

Минг йиллик айбимдан ӯтинг,

Онажон,

Умрингизни бахтга тӯлдиролмадим...

Она!

Яшамоққа етмайди кучим,

Афсуслар кӯнглимни доғлатиб қӯйди.

Ӯттиз йил умримнинг гуноҳи учун -

Худо нега сизни йиғлатиб қӯйди?!

Она!

Дил дардингиз ӯчирсам экан,

Йӯқса савлат кериб турганим нечун?

Айтинг, Худо мени кечирармикан,

Онамни йиғлатиб юрганим учун?!.

Марҳамат МИРЗАЕВА

СУРОҒА

Маҳаллаи 20, бинои Кохи матбуот, 6 ошёна

E-mail: Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.

Телефон: