Автор: Суғд Ҳақиқати Категория: Миллий хавфсизлик
Дата публикации Просмотров: 3592
Печать

Ҳар қандай экстремистик ва террористик фаолиятнинг моҳияти ӯзгалар устидан ҳукмронликка ёки мавжуд сиёсий-мафкуравий, ижтимоий-иқтисодий тартибга қарши зӯравонлик, даҳшат солиш, жисмоний куч ишлатиш орқали ӯзларининг ғаразли мақсадларига эришишдан иборатдир. Шунинг учун ҳам экстремизм ва терроризм бутун жаҳон ҳамжамияти, тараққиёт тарафдорлари бӯлган кучлар томонидан қораланмоқда. Бугунги кунда инсоният тақдирига, унинг тараққиётига, равнақига таҳдид солаётган халқаро терроризмга қарши кураш олиб бориш лозим. Чунки терроризм ва экстремизм кӯринишлари бир минтақа ёки бир миллатгагина хавф солмай, унинг хавфи дунё бӯйлаб тарқалиб бормоқда.

Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси, Тожикистон Жумҳурияти Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон бу нохуш кӯринишдан халқимиз ва давлатимизни асраш масаласига тӯхталиб, шундай деганди: «Дунёдаги сиёсий вазият кескинлашаётган, давлатлараро ва мазҳаблараро низолар тобора кучайиб бораётган ҳамда уюшган жиноятчилик авж олаётган бир пайтда мамлакат чегара яхлитлиги ҳимояси ва давлат ҳамда миллат хавфсизлигини сақлаш биз учун биринчи даражали ва ҳаётан муҳим масала ҳисобланади».

 

Илмий манбаларда терроризмнинг тарихи ва моҳияти чуқур ӯрганилиб, унинг юзага келиш сабаблари таҳлил қилиняпти. Аслида, терроризм том маънода жаҳолатдир. Бузғунчи ғояларга асосланган халқаро терроризм ва унинг ҳар қандай кӯриниши кишилик жамиятининг ӯтмишида ҳам, бугунида ҳам бутун-бутун халқлар бошига оғир кулфатлар ёғдирган ва ёғдирмоқда. Ҳар йили унинг тажовузидан 100 мингдан ортиқ бегуноҳ кишилар қурбон бӯлмоқда. Жамият ривожланишини ортга суриб, ижтимоий ҳаётни издан чиқаришга ҳаракат қиляпти. Айрим давлатлар, минтақалар ва инсоният цивилизациясининг тараққиётига жиддий таҳдид солиб, мудҳиш оқибатлар келтириб чиқармоқда. Дунё бӯйича қурол савдосининг ортиб бориши ва тарқалиши ҳам экстремизм ва терроризмнинг жаҳон миқёсида кенг кӯламда авж олишига сабаб бӯлмоқда. Халқаро стратегик тадқиқотлар институтининг Лондонда тақдим этилган маърузаларига кӯра, жаҳон миқёсида йилига ӯртача 50 миллиард доллардан зиёд миқдорда қурол-аслаҳа сотилар экан. Бунда, албатта, АҚШ етакчи бӯлиб, экспортнинг деярли 50 фоизи шу мамлакат ҳиссасига тӯғри келар экан. Бу соҳада иккинчи ӯринни Буюк Британия, учинчи ӯринни Франция, тӯртинчи ӯринни Россия эгаллаб турибди.

Дунё миқёсида халқаро терроризм авж олишининг яна бир сабаби, яъни уни қӯзғатувчи омиллардан бири наркобизнесдир. Халқаро экспертлар маълумотига кӯра, Афғонистонда етиштирилиб, сотилаётган наркотик моддалардан келаётган 8 миллард АҚШ доллари миқдоридаги йирик даромаднинг нақд бир миллиарди биринчи рақамли халқаро террорист-Усама бин Лоденнинг ҳисобига келиб тушар экан. Наркобизнес ҳам халқаро терроризм билан эгизакдир, ундан манфаатдордир ва уни юзага келтирувчи омиллардан биридир. Терроризмнинг амал қилган тамойили аҳоли ӯртасида вақти-вақти билан “қӯрқинч инстинкти”ни юзага келтириш ва шу асосда ӯзининг ғаразли мақсадларига эришишдир. Қайд этилган фикр ва мулоҳазалардан келиб чиққан қуйидаги таклиф ва мулоҳазаларни баён қилиш лозимдир:

1. Терроризм қандай кӯринишда бӯлмасин, у ӯзининг олдига қандай мақсад қӯйган бӯлмасин ва у қандай ижтимоий-сиёсий муаммолар билан боғлиқ бӯлмасин, ӯзининг туб моҳияти билан бузғунчилик ғоясига асосланади. Унинг оқибатида бегуноҳ одамлар қурбон бӯлишади, халқнинг меҳнат билан яратилган моддий ва маънавий бойликлари йӯқ қилинади.

2. Халқаро терроризмнинг ҳар қандай кӯриниши инсоният тақдирига, унинг тараққиёти ва истиқболига жиддий хавф солаётган таҳдиддир. Унга қарши курашда ҳеч бир инсон четда қолмаслиги лозим.

3. Халқаро терроризмни йӯқотиш ва унинг олдини олиш ишлари дунё миқёсида тобора авж олаётган қурол-яроғ савдосига, наркобизнесга қарши кураш ва оммавий қирғин қуролларни бутунлай йӯқ қилиш орқали ҳам амалга оширилиши лозим. Ӯт очиш қуроллари савдоси билан шуғулланаётган ҳамда оммавий қирғин ва бактериологик қуролларни ишлаб чиқараётган мамлакатларнинг сиёсий доиралари шуни яхши англамоқлари зарурки, ӯзлари яратаётган бундай қуроллардан биринчи навбатда ӯзлари зарар кӯришлари мумкин.

4. Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси, мамлакатимиз Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон ӯзининг Олий Мажлисга йӯллаган навбатдаги Паёмида терроризмга қарши курашиш масаласига тӯхталиб, жумладан, шундай деди: «Биз доимо терроризм ва террористни ӯзимизники ва бегона, ашаддий ва бузғунчи ёки яхши ва ёмон деб ажратиш мумкин эмаслигини эсдан чиқармаслигимиз керак. Аксинча, мен террористнинг ватани, дини, мазҳаби ва миллати йӯқлигини бир неча бор таъкидлаганман.

Терроризм кӯринишларининг ер курраси хавфсизлиги ва тинчлигига ниҳоятда катта хавф-хатари бор. Ҳозирги замон хатарлари, Ӯрта Шарқдаги вазият, хусусан, қӯшни Афғонистондаги вазият бизни хавфсизликни таъминлаш масаласига биринчи даражали эътибор қаратишга ундайди.

Хусусан, Афғонистон ҳудудида сафига Мустақил Давлатлар ҳамдӯстлигига аъзо мамлакатларнинг айрим фуқаролари қӯшилган «Ислом давлати» террористларининг пайдо бӯлиши вазиятни янада нотинч қилиб, қӯшни давлатларни ташвишга солмоқда». Мана шу нуқтаи-назардан ҳушёрликни қӯлдан бермасдан, халқаро терроризмга қарши биргаликда курашмоқ даркор.

5. Терроризмга қарши кураш йӯлларидан яна бири ёшларни уларнинг фириб-алдовларидан сақлаш, уларни ватанпарварлик ва ватанга эгаликдан фахрланиш туйғуси билан тарбиялашдир. Президентимиз таъкидлаб ӯтганидек: «Бу йӯналишда бундан кейин ёшларнинг ӯзи доимо яратувчанлик амаллари ташаббускори бӯлишлари, ӯзларининг ижодий, илмий ютуқларини ӯз вақтида оммага эътиборига тақдим этишлари, номатлуб кӯринишларга қарши курашишлари, сиёсий ҳушёрликни қӯлдан бермасдан, давлат ва жамият хавфсизлигини ҳимоя қилишга тайёр туришлари, халқимизнинг маданияти ва тарихини қадрлашлари, азиз Ватанимизнинг келгуси тараққиёти ва ободлиги учун ҳаракат қилишлари зарурдир».

6. Террорчилик ҳаракатлари оқибатида айнан олинган у ёки бу давлатга етказилган маънавий ва моддий йӯқотишларни санаб саноғига етиб бӯлмайди. Вақти-соати келиб, моддий талофатларнинг ӯрни қопланар, бузилган иморатларнинг жойида, эҳтимол, улардан-да гӯзалроқ ва улканроқ бинолар қад кӯтарар, аммо етказилган маънавий зиённинг захми асрлар оша кетмаслиги муқаррардир. Бу захмнинг излари халқлар хотирасида абадул-абад муҳрланиб қолиши аниқ. Экстремизм ва терроризм деган иллат таг-томири билан суғуриб ташланмас экан, бундай аччиқ қисмат ҳар бир инсон ёки халқнинг бошига тушиши мумкинлигини бутун жаҳон аҳли теран англамоқда.

Тарихнинг гувоҳлик беришича, кӯпчилик томонидан бирдамликда амалга оширилган тадбир, шубҳасиз, ҳақ ишдир ва табиийки, ҳар қандай қийинчилик ва тӯсиқларни енгиб ӯтиб, пировард натижада, албатта, зафар билан якунланади.

Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, миллий анъаналаримизга мутлақо ёт бӯлган экстремистик ва террористик ғояларнинг жамиятимизга кириб келишини бартараф этувчи қудратли воситалардан бири бу инсонпарварлик, тинчликсеварлик, маърифатпарварлик, бунёдкорлик ва шунингдек, миллий ва диний қадриятларни улуғлашдир.

Ислом динига эътиқод қилувчи Ӯрта Осиё халқлари асрлар оша бошқа дин вакиллари билан аҳил яшаб, оламшумул кашфиётлар қилиш ва умумжаҳон маданиятига беназир ҳисса қӯшиш бахтига муяссар бӯлдилар. Бошқача айтганда, динлараро бағри-кенглик, уйғунлик бунёдкорликнинг қудратли манбаи эканлигини амалда исботлаб келдилар.

Бугун дунёнинг турли бурчакларида содир этилаётган террористик актлар террорчилар қай йӯсинда ҳаракат қилишини олдиндан билиб бӯлмаслигини исботламоқда. Кенг кӯламда амалга оширилган фожиали террористик ҳаракатлардан кейин диний экстремизм, террорчилик деганда кӯпчиликнинг кӯз ӯнгида ислом динини ниқоб қилиб олган радикал диний гуруҳлар гавдаланмоқда. Муқаддас динимизнинг эзгуликка йӯғрилган даъватларидан хабари бӯлмаган кишиларда «ислом фанатизмга мойил дин», деган нотӯғри тасаввур пайдо бӯлаётган бӯлса, айримлар эса, ушбу вазиятдан фойдаланиб, ислом динига эътиқод қилувчиларга таъна тошларини отмоқдалар. Бу билан турли динларга эътиқод қилувчилар ӯртасида адоват уруғларини сочиб, низолар чиқаришга ва шу тариқа ӯзларининг нопок мақсадларига эришишга интилмоқдалар. Холбуки, ҳаётнинг ӯзи кӯрсатганидек, зӯравонлик билан сиёсий ҳокимиятга эришишни мақсад қилиб қӯйган экстремист ва террорчиларнинг на дини, на миллати ва на ирқи бор.

Ӯз вақтида христиан динини ниқоб қилиб олиб, ашаддийликнинг энг олий чӯққисига чиққан иеузит сулукига мансуб католикларнинг қилмишларини француз материалисти Д.Дидро қуйидагича таърифлаган эди: “Иезутлар мавжуд бӯлган икки аср мобайнида улар томонидан амалга оширилмаган биронта ҳам жиноят қолмадики”. Иезут сулукининг генерали Тамбурини (1706-1730) эса Франция маршали герцог де Бриссак ҳузурида ӯзининг чексиз ҳокимият соҳиби эканлигини кӯрсатиш учун мақтаниб, шундай деган экан: “Ушбу хонада туриб мен нафақат Париж, балки Хитойни, нафақат Хитойни, балки жумлаи жаҳонни бошқараман. Буни қандай амалга оширишимни бирор кимса ҳам билмайди”. Юқоридагилардан шу нарса аён бӯладики, террорчилар-сиёсий ҳокимиятга қонуний йӯллар билан эриша олмагач, бири хонадондан, бошқаси эса панадан туриб, дунёни бошқаришни орзу қилган ва бир лаҳза бӯлса-да ушбу жирканч орзуни рӯёбга чиқариш учун ҳеч қандай қабоҳатдан тоймайдиган нобакорлардир. Мозийни қайта тиклашга қаратилган иддаолар, бу кечагина пайдо бӯлган янгилик эмас. Агар тарихимизни синчиклаб ӯрганадиган бӯлсак, гарчи шаклан бошқачароқ кӯринишда бӯлса-да, лекин мазмунан айнан шундай иддаолар олдин ҳам бӯлганлигининг гувоҳи бӯламиз. Яна шунга амин бӯламизки, соғлом идрок, ҳақиқат бундай сохта иддаолар устидан ҳамиша ғалаба қозониб келган. Улуғ бобокалонимиз Абу Мансур Мотурудийнинг илмий мероси бунга яққол мисол бӯла олади. Унинг “Китоб ат-тавҳид” номли асарида айрим кишиларнинг ясама ва бидъат таълимотларга эришиши сабаблари ҳамда соғлом диний қарашларга эга бӯлиш учун билимнинг қандай йӯлларидан бориш лозим, деган саволларга жавоб берилади. Мотурудийнинг қатъий фикрича, маълум диний йӯналишларининг ҳақиқий ёки ясамалигини кӯрсатувчи ишончли далиллар, шубҳасиз, мавжуд.

Кӯр-кӯрона тақлиддан халос бӯла олган инсонгина диний эътиқодни белгиловчи мезонларни топа билишга қодир. Мотурудийнинг таъкидлашича, ҳақни ноҳақдан ажратиш учун инсон ихтиёрида учта усул бор:

1. Жами жонзотларга хос бӯлган умумий сезги аъзолари.

2. Фақат инсонга хос бӯлган ақл орқали амалга ошириладиган назарий мулоҳазалар.

3. Ишончли хабар-ахборотлар.

Ушбу усуллар кундалик муаммоларни ҳал этишда доимо қӯл келади.

Мотурудийнинг янги оқимларга муносабати унинг илоҳиёт масалаларида қай даражада эҳтиёткорлик ва ишнинг кӯзини билган ҳолда ҳаракат қилганини кӯрсатади. Узоқ даврлар Мовароуннаҳрда одат бӯлган ва кенг тарқалган мунозаралар ҳамда мухолифликнинг бошқа усуллари алломани қаноатлантирмаган. Мотурудий янги даврга мос ва ӯзига хос йӯл излаган. Бу йӯл эса уни исломий оқимлар ва фирқалар билан бир қаторда, собийлар, монийлар, марғинонийлар ва бошқа фирқалар олға сурган иддаоларнинг асоссиз эканлигини фош этишга имкон берган. Шунингдек, Мотурудий фақатгина исломни ҳимоя қилиш билан чекланмаган, балки, айни пайтда, ислом ичидаги ботил оқим ва фирқаларнинг ҳақиқий моҳиятини ҳам очиб берган. Айниқса, ҳарурийлар, рофизийлар, қадарийлар, жабарийлар, жаҳмийлар, муржиъийлар, хорижийлар, мӯътазилийлар, карромийлар, ва исломийлар каби исломий оқимларнинг у ёки бу масалага ёндашувидаги заифлигини ишончли далиллар билан исботлаб берган.

Мотурудийнинг қатъий фикрига кӯра, ҳар бир инсон «имтиҳон учун яратилган. Унинг шахсий интилишлари уни тӯғри йӯлдан оздиради, аммо унга синовлардан ӯтиш учун барча воситалар (сезги аъзолари, ақл, нақллар) берилган». Агар шу нуқтаи назардан келиб чиқиб таъриф бериладиган бӯлса, террорчилар-ӯзларининг шахсий интилишларини жамоа интилишлари билан уйғунлаштиришни истамаган, янада аниқроқ айтилганда, ӯзларининг ғаразли мақсадларини халқаро ҳамжамиятдан юқори қӯювчи, ҳаёт синовларига дош беролмай, инсонийлик қиёфасини йӯқотган иродаси заиф жоҳиллардир. “Китоб ат-Тавҳид” да таъкидланишича, «Дин буюкларга эътиқод қилиб, тақлид қилишга эмас», «Ҳеч ким гуноҳ содир қилгани туфайли кофир деб эълон қилинмайди». Биз жами «қибла кишилари» қалбини эса Оллоҳга ҳавола этамиз», «бидъатчилар билан шунчаки юзаки дӯстона муносабатда бӯлишнинг ӯзиёқ хатодир», «Суннатнинг тӯғрилигини аниқлаш учун, бир-бирига зид нақлларга таяниш мумкин эмас, балки мустақил фикрлаш керак», каби ғоялари гӯёки бундан минг йил илгари эмас, кечагина айтилгандек долзарбдир.

Миллий-диний қадриятларимиз халқимизни, айниқса, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, аждодларга садоқат, зӯравонликка нафрат руҳида тарбияловчи, уларни эзгулик ва бунёдкорликка даъват этувчи битмас-туганмас куч-қудрат манбаидир. Улар нафақат мафкуравий бӯшлиқнинг юзага келишига, балки минг йиллардан бери ҳалол меҳнати ва оламшумул кашфиётлари ила жаҳон тамаддунига салмоқли ҳисса қӯшиб келаётган халқимизнинг менталитетига тамомила зид бӯлган террорчилик ғояларининг кириб келишига қарши қаратилган мустаҳкам қалқондир. Миллий ва диний қадриятларнинг тарғиботи, шубҳасиз, омма онгида ҳар қандай ғоянинг сарасини сарага, пучини пучга чиқарувчи, айниқса, экстремизм ва терроризм ғояларига қарши мустаҳкам ироданинг шаклланишига хизмат қилади. Бу борада бепарволик ва лоқайдликка йӯл қӯйган жамиятнинг келажагига путур етади. Зотан, «Маънавиятни мустаҳкамлаш учун меҳнатни ва маблағни аямоқлик ӯз келажагига болта уриш демакдир», деган ибратли ҳикматда ҳам ҳар қандай ёвузликнинг, шу жумладан, террорчиликнинг олдини олишга қаратилган огоҳлик ва унга қарши курашга ҳамиша тайёр туриш лозимлиги уқтирилган.

Мана шу фикрлардан келиб чиқиб, инсоният душмани бӯлган терроризм ва эжкстремизмга қарши кураш олиб бориш, аҳолини шу гуруҳлар таъсиридан асраш, кишилар онгини илғор фикрлар билан бойитиш, ҳар дақиқа ва сонияда ҳушёрликни қӯлдан бермаслик каби амаллар бу номатлуб кӯринишларнинг илдизини қуритади. Биз мамлакат ёшлари мамлакатлар тараққиётига тӯсқинлик қилувчи ва инсоният ҳаётига таҳлика солувчи бу кӯринишларни бутунлай қоралаймиз.

Нилуфар МАДАМИНОВА

тайёрлади

СУРОҒА

Маҳаллаи 20, бинои Кохи матбуот, 6 ошёна

E-mail: Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.

Телефон: