Материалы

Автор: Суғд Ҳақиқати Категория: Latest
Дата публикации Просмотров: 604
Печать

Жорий йилнинг 14-15 июн кунлари Тожикистон пойтахти – Душанбе шаҳрида ўтган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарларининг бешинчи саммити бу йилги муҳим сиёсий воқеалардан бири бўлди. Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш Осиё қитъасида тинчлик, хавфсизлик ва бар

арорликни таъминлаш учун ташкил этилган халқаро форумдир.

БМТ Бош Ассамблеясининг 1992 йилги 47-сессиясида Қозоғистоннинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш ташкил этиш ташаббусини илгари сурганди.

Кенгашга 27 давлат – Тожикистон, Озарбайжон, Афғонистон, Баҳрайн, Бангладеш, Ветнам, Миср, Исроил, ҳиндистон, Иордания, Ироқ, Эрон, Қозоғистон, Қатар, Камбожа, Хитой, Корея Республикаси, Қирғизистон, Мўғулистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Покистон, Фаластин, Россия, Таиланд, Туркия, Ўзбекистон ва Шри-Ланка аъзо ҳисобланади.

Шунингдек, 8та давлат – Беларус, Индонезия, Лаос, Малайзия, Филиппин, Украина, АҚШ, Япония ва 5та халқаро ташкилот – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Халқаро Муҳожирлар Ташкилоти, Араб Давлатлари Лигаси, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик Ташкилоти ҳамда Турктилли  мамлакатлар парламентлари ассамблеяси кузатувчи мақомига эга.

Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш қароргоҳи Қозоғистон Республикасининг Нур-Султон шаҳрида жойлашган. Кенгашнинг қарор қабул қилувчи олий органи аъзо давлатлар раҳбарлари саммити саналади. У тўрт йилда бир марта йиғилиш ўтказиш, кенгаш фаолиятини кўриб чиқиш ва кейинги йўналишларини белгилаб олиш мақсадида чақиртирилади.

Кенгашнинг биринчи ва иккинчи саммитлари Қозоғистонда, учинчи ва тўртинчи саммитлари Туркия ва Хитой Халқ Республикасида бўлиб ўтган.

Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон 2014 йилда Хитойда бўлиб ўтган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммитида сўзлаган нутқида, хусусан, қуйидагиларни таъкидлаган эди: «Осиё халқлари бир-бири билан ўзига хос маданиятларнинг бой тарихи ва хилма-хиллиги билан чамбарчас боғлиқ. Осиё - бизнинг умумий уйимиз. Барчамиз уйимизда тинч-лик ва барқарорлик ҳукм суришидан манфаатдормиз».

 2018 йилнинг сентябр ойида БМТ Бош Aссамблеясининг 73-сессиясида ташқи ишлар вазирларининг йиғилиши бўлиб ўтганди. Унда 2018-2020 йилларда форумга раислик қилиш Хитойдан Тожикистонга ўтди.

Таъкидлаш жоизки, 2018-2020 йилларда Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш раислиги ҳақидаги концепцияда Тожикистон раислигининг асосий йўналиш ва вазифалари белгилаб қўйилган.

Тожикистон, нафақат, сиёсий даражада, балки турли воситалар орқали ҳам минтақавий интеграцияни босқичма-босқич амалга ошириш мақсадида, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашга аъзо давлатлар билан умумий тушунишга эга.

15 июн куни пойтахтимиз – Душанбе шаҳридаги муҳташам «Кохи Наврўз» саройида Тожикистон Республикаси раислигида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг бешинчи саммити бўлиб ўтди.

Ушбу олий даражадаги халқаро саммитда дунёнинг 30га яқин давлатлари президентлари, вице-президетлари, бош вазирлари ва ташқи ишлар вазирлари Душанбега ташриф буюришди.

Халқаро даражадаги навбатдаги тадбирни юқори савияда ташкил этиш мақсадида, Тожикистон пойтахти – Душанбе шаҳри байрамона безатилган, шаҳар кўчалари ва хиёбонларида иштирокчи ва кузатувчи давлатлар раҳбарларини самимий қутлаш матни, тадбир рамзи бўлган плакатлар ўрнатилган эди.

Душанбе шаҳри давлат ҳокимияти  ижроия органи раҳбарияти томонидан пойтахтнинг барча кўчалари гуллар билан безатилган ва  байрамона кўринишга эга эди. Манзарали гул ва буталар, фаввора ва ранг-баранг гулчамбарлар шаҳарга янада гўзаллик бахш этарди.

Қадим маданиятли халқимиз анъанавий меҳмондўстлик асосида тадбир иштирокчиларини самимий ва юқори даражада кутиб олди.

Душанбе саммити Осиёда юзага келадиган муаммоларни муҳокама қилиш ва ҳал этиш, янги ташаббусларни илгари суриш ҳамда самарали механизмларни топиш учун муносиб майдон бўлди.

Душанбе саммити 2002 йилдан буён татбиқ этиладиган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашга аъзо давлатлар саъй-ҳаракатларининг давоми ҳисобланади. Саммит иштирокчилари кенгаш доирасида ҳамкорликнинг барча масалаларини қамраб олган декларацияни қабул қилишди.

Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш бешинчи саммити жараёнини Тожикистон, Россия, AҚШ, Хитой, Канада, Баҳрайн, Бирлашган Aраб Aмирликлари, Aфғонистон, Эрон, Камбожа, Туркия, ҳиндистон, Беларус, Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Ветнам, Покистон, Бангладеш, Ливан, Шри-Ланка, Қирғизистон, Ироқ ва Европа Иттифоқи мамлакатлари газета ва журналлар, радио, телевидение ва ахборот агентликларининг 650 нафардан зиёд журналистлари кенг ёритишди.

Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази ходими, сиёсий масалалар таҳлилчиси Зубайдулло Давлатовнинг фикрича, навбатдаги саммитнинг Душанбеда ўтказилишининг бир неч-та сабаблари бор. Биринчидан, Тожикистон Республикаси халқаро майдонда терроризм, экстремизм, гиёҳванд моддалар ноқонуний айланишига қарши курашда етакчи давлатлардан бири сифатида эътироф этилган.

Иккинчидан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Тожикистон Республикаси Президентининг экологик масалаларга оид тўртта ташаббусининг қабул қилиниши ва учинчидан, Осиё қитъасининг 27 давлати Тожикистон Республикасини тинч ва осойишта давлат сифатида эътироф этганидир. Бу  Тожикистонда тинчлик ҳукм сураётгани ва Осиё қитъаси давлатлари унга ишонч билдиршидан гувоҳлик беради.

Душанбе саммити ҳам янги мақсадларга эришиш ва аъзо давлатлар учун умумий қизиқиш уйғотадиган мавжуд ва юзага келадиган масалаларни ҳал этиш йўлларини ўрганиш, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш жараёнини янада ривожлантириш ва Осиёни ҳар томонлама ва чуқур мулоқот асосида мустаҳкам тинчлик ва фаровонлик билан уйғун минтақага айлантириш чора-тадбирларини амалга оширишни давом эттиришга сиёсий туртки берганлигига ишончимиз комил.

СУРОҒА

Маҳаллаи 20, бинои Кохи матбуот, 6 ошёна

E-mail: Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.

Телефон: