Автор: Суғд Ҳақиқати Категория: ЖАМИЯТ
Дата публикации Просмотров: 4184
Печать

Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси, мамлакатимиз Президенти Эмомали Раҳмоннинг ташаббуси билан 2018 йилнинг «Сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили», деб эълон қилиниши оналарга бӯлган эътиборни янада кучайтиради. Чунки азалдан халқ байрамлари меҳмонлар ва сайёҳлар иштирокида хотин-қизлар қўл ҳунармандчилиги намойиши тантаналарига айланган эди.

Қадимдан Шарқ оналари-Тӯмарис, Маҳасти Хужандий, Зебунисо, Гулбаданбегим, Бибихоним, Нодирабегим, Ходими Жамалак ва бошқалар халқ ва ватан озодлиги йӯлида ажнабийларга қарши қаҳрамонона курашганлар, ажойиб асарлар яратганлар. Бу тарихий курашлар натижасида ўлкамизда 8 март-Оналар байрами ва халқаро хотин-қизлар куни сифатида нишонланиб келади.

 

Тарихда бу кун 1857 йилнинг 8 мартида Нью-Йоркдаги тўқимачилик саноати ва кийим тикиш фабрикаси ишчилари «Бўш каструл марши» шиори билан оғир иш шароитини яхшилаш ва иш ҳақини оширишлари учун иш ташлаш ўтказган кундан бошланади. Улар аслида суткасига 16 соат ишлар, аммо иш ҳақлари жуда кам эди. Шунинг учун улар иш вақтини камайтириш, меҳнат ҳақини ошириш ва эркаклар билан бир хил иш ҳақи олишни талаб қилиб чиққан эди.

1908 йилнинг 8 мартида Нью-Йорк социал-демократик аёллар ташкилоти хотин-қизлар тенглигини талаб қилиб, митинг уюштирган эди. Шаҳарнинг ҳамма минтақаси бӯлиб ӯтган бу митингда ӯн беш мингдан кўпроқ аёллар қатнашиб, турли ҳуқуқлар, жумладан, сайлов ҳуқуқини беришларини талаб қилишди.

1909 йилда Америка Социалистик партияси 8 мартни «Миллий хотин-қизлар куни», деб эълон қилади ва 1913 йилгача турли вақт ҳамда кўринишларда, кўпроқ февралнинг охирги якшанба куни қайд қилинади. 1910 йилда АҚШ вакиллари Копенгагенда бўлиб ўтган социалист хотин-қизлар Иккинчи халқаро конференсиясига келади ва немис коммунист инқилобчиси Клара Цеткин билан учрашади.

Клара Цеткин 1910 йилнинг 27 августида Иккинчи интернационалнинг Копенгагенда бўлиб ўтган саккизинчи конгрессида социалист хотин-қизлар Иккинчи халқаро конференсиясида 8 мартни «Халқаро хотин-қизлар куни», деб эълон қилишни тасдиқлаш таклифи билан чиқишади ва таклиф қабул қилинади. 1911 йили биринчи Халқаро хотин-қизлар куни Германияда, Австрияда, Данияда ва Швейцарияда 19 март куни Германия Социал-демократик партияси Марказий Комитети аъзоси Елены Гринберг таклифи билан 1848 йил Пруссиядаги Март революцияси хотирасини нишонлаш мақсадида ўтказилди. 1912 йилда бу байрам 12 май куни ўтказилди. 1913 йилда Франция ва Россияда–2 мартда, Австрия, Чехия, Венгрия, Швейцария, Голландияда–9 мартда, Германияда-12 мартда хотин-қизлар митинги бўлиб нишонланди. 1914 йилда 8 март жаҳоннинг 6 мамлакатида, яъни Австрия, Дания, Германия, Нидерландия, Россия ва Швейцарияда биринчи марта қайд қилинди ва у якшанба кунига тўғри келган эди. 1917 йилгача Австралия, Финляндия, Норвегия, Дания, Исландия хотин-қизлари айрим ҳуқуқларини қўлга киритган эди.

1917 йил 23 феврал (8 март) Петроградда Виборг райони тўқимачилик фабрикаси аёл ишчилари биринчи бўлиб иш ташлади ва тартибсизликлар Феврал буржуа-демократик революциясига айланди. Натижада, монархияни ағдарди ва икки ҳокимиятчилик–вақтинчалик ҳукумат ва советлар ташкил этилди. Хотин-қизлар Нева хиёбони бўйлаб, шаҳар Думаси биносигача бориб ўз ҳуқуқларини талаб қилган эди.

8 мартни Халқаро хотин-қизлар куни сифатида нишонлаш дунёда 1910-1920 йилларда янада оммавийлашди. 1921 йилда Иккинчи коммунистик хотин-қизлар конференцияси қарори билан Петрограддаги аёллар намойиши (1917 йил 8 мартдаги) хотирасига бағишлаб, Халқаро хотин-қизлар куни, деб эълон қилинди.

Халқаро хотин-қизлар куни Ўрта Осиёда, шу жумладан, Тожикистонда ҳам Октябр революцияси ғалабасидан кейин махсус декрет билан эркаклар ва хотин-қизлар тенгҳуқуқлилиги таъминланади. 1918 йилдан бошлаб, Совет ҳокимияти йилларида давлат байрами сифатида нишонланиб келади. Тожикистонда паранжига қарши «Ҳужум» умумхалқ ҳаракати билан боғланиб кетган эди. Мана шундай митинг Хужандда 1929 йили Соғлиқни сақлаш халқ комиссари Ўғилой Шамсиддинова иштирокида 8 март-Халқаро хотин-қизлар куни жуда ёдда қоларли нишонланган эди. Бу намойишда Хужанд атрофидаги минтақалардан ҳам фаол хотин-қизлар қатнашган эди.

1966 йилда СССР Олий Совети Президиумининг 8 май 1965 йил Фармони асосида Халқаро хотин-қизлар куни дам оладиган байрамга айланди. Бу байрамга бағишлаб ҳар йили катта тадбирлар ўтказилади. Тожикистонда ушбу байрам Мустақиллик даврида янгича мазмун касб этди. Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси, муҳтарам Президентимиз Эмомали Раҳмоннинг таклифи билан 2009 йилдан бошлаб, «Оналар байрами» сифатида тантанали нишонланиб келинмоқда. Тожик хотин-қизлари ишлаб чиқариш ва давлат органлари, жамият ташкилотларида фаол қатнашиб келмоқдалар. Ватанимиз аёллари, оналаримиз ва хотин-қизларни 8 март-Халқаро хотин-қизлар куни ва баҳор байрами билан табриклаймиз.

С.ЭРКАЕВ,

тарих фанлари номзоди, доцент

СУРОҒА

Маҳаллаи 20, бинои Кохи матбуот, 6 ошёна

E-mail: Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.

Телефон: