Автор: Суғд Ҳақиқати Категория: СИЁСАТ
Дата публикации Просмотров: 3301
Печать

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Қадрли оммавий ахборот воситалари вакиллари!

Энг аввало, Ӯзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Миромоновичнинг мамлакатимизга бугунги давлат ташрифи натижасида кун тартибидаги икки томонлама энг муҳим масалалар мажмуининг тарихий ечимига эришганимизни таъкидлашни истардим. Тожик-ӯзбек ҳамкорликлари ва улар тараққиёти истиқболлари масалалари кенг кӯламда конструктив ва бутун тафсилотлари билан тӯлиқ ӯзаро тушуниш фазосида бӯлиб ӯтди.

 

Сӯзлашувлар якуни бӯйича қарийб ӯттизга яқин келишувни қамраб олувчи икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли пакетини имзоладик. Улар кӯп қиррали ҳамкорликларимизнинг кӯпгина муҳим соҳаларини қамраб олади.

Бу муносабатларимизнинг савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамда мудофаа ва хавфсизлик йӯналишларидир.

Бугун биз охирги йигирма йилдан кӯп вақт мобайнида йиғилиб қолган масалаларнинг қарийб барчасини ҳал қилдик.

Муҳтарам Шавкат Миромоновичнинг Тожикистонга тарихий ташрифи натижалари бутун муносабатларимиз мажмуининг узоқ муддатли асосда жӯшқинлик билан ривожланишига сифатан янги туртки беришига ишончим комил.

Бу борада биродар халқларимиз учун виза режимини ӯттиз кунгача муддатга соддалаштириш ва икки мамлакат ӯртасидаги чегарада барча 16та чегара ӯтиш нуқталари ишини босқичма-босқич қайта тиклаш тӯғрисида муҳим қарорларни қабул қилдик.

Биродар халқларимиз узоқ йиллар кутган ушбу қарорлар улар манфаатларига жавоб беради.

Темир йӯл, автомобил ва ҳаво йӯл ҳаракатлари тӯлиқ фаолиятини тез орада қайта тиклаш ҳамда транзит юк ташиш тарифларини пасайтириш бӯйича биргаликдаги қадамлар тӯғрисида келишувга эришилди.

Шу муносабат билан «Ғалаба-Амузанг» темир йӯли участкаси фаолияти қайта тикланиши аҳамиятини қайд этишни истардим.

Бугун биз муҳтарам Шавкат Миромонович билан ушбу участкани тантанали тарзда фойдаланишга топширамиз.

Бу, шубҳасиз, катта воқеадир. Чунки мамлакатларимиз ӯртасида юк ташиш ҳажми ошиши ва савдо-иқтисодий алоқалар кенгайиши билан бир қаторда, аҳолиси уч ярим миллион кишидан зиёд бӯлган Тожикистон жанубий минтақаларида ижтимоий-иқтисодий ҳолат яхшиланишига ҳам шароит яратади.

Айни пайтда мамлакатларимиз пойтахтлари ӯртасида тӯғридан-тӯғри авиапарвозлар фаолият юритаётган бӯлиб, бугун имзоланган икки томонлама ҳужжатлар туфайли яқин келажакда бошқа шаҳарлар ӯртасида авиа ва автомобил ҳаракатлари қайта тикланади.

Транспорт ва коммуникация соҳаларидаги бу ижобий ӯзгаришлар ӯзаро муносабатларимизнинг бутун мажмуини мустаҳкамлаш учун қулай шароитлар яратади.

Бугун давлатлараро шерикчилигимиз муваффақиятли ривожланмоқда. Расмий делегациялар ва турли ишчи гуруҳи, иш давралари ва маданият арбоблари даражасидаги алоқалар мунтазам характерга эга бӯлмоқда.

Биз томонимиздан савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни ӯзаро самарали тарзда кенгайтириш ва ӯстириш бӯйича амалий чора-тадбирлар бундан кейин ҳам қабул қилинади.

Тожикистон ва Ӯзбекистон ӯртасида ташқи савдо алмашинуви оғишмай ӯсиш тенденциясига эга эканлигини таъкидлаш қувонарлидир.

Сӯнгги вақтларда унинг ҳажми олти бараварга ошди.

Яқин йилларда ӯзаро маҳсулот оборотини ярим миллиард Америка долларигача ошириш ниятидамиз.

Бугун Душанбе шаҳрида ваколатли бизнес-форум иш бошлаб, ӯзбек саноат маҳсулотлари кӯргазмаси очилади. Булар Ӯзбекистон Республикаси Президентининг Тожикистонга ташрифи дастурининг муҳим қисми ҳисобланади.

Ушбу тадбирлар якуни иқтисодиётнинг истиқболли соҳаларида самарали ӯзаро алоқаларимизнинг ишончли асосига айланиб, икки мамлакат савдо ва сармоявий ҳамкорликларини келгусида ривожлантириш учун қулай иқлим яратишига умид қиламиз.

Икки мамлакат минтақалараро ҳамкорликларини ривожлантириш муҳимлиги таъкидланиб, бу алоҳида келишувлар имзоланиши билан мустаҳкамланди.

Давлатларимиз минтақалари ӯртасидаги алоқаларни ривожлантириш савдо-иқтисодий алоқаларимизни фаоллаштиришга имкон яратишига ишончимиз комил.

Биз чегара бӯйича ҳал этилмаган қарийб барча масалалар борасида келишиб олдик.

Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тӯғрисида шартнома имзоланиши катта стратегик аҳамиятга эга бӯлиб, муносабатларимизни шерикчиликнинг янги даражасига чиқариш учун шароит яратади.

Сӯзлашувлар чоғида келгусида маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликларни мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд қилинди.

Биз-икки биродар халқ маънавий-маданий меросларини сақлаш, маданият, илм ва маориф арбоблари ӯртасида алоқаларни йӯлга қӯйиш учун қулай шароитлар яратиш масалаларини муҳокама қилдик.

Бу борада классик ва замонавий адабиётларни икки давлат тилларига таржима қилиш ҳамда Тожикистон ва Ӯзбекистонда ӯзбек ва тожик тилларини ӯрганиш ва ӯқитиш борасида сӯз юритилди.

Томонлар бундан кейин ҳам ушбу соҳада ӯзаро алоқаларни фаоллаштириш бӯйича саъй-ҳаракат қилишади.

Минтақавий ва халқаро хусусиятга эга бӯлган масалалар бӯйича кенг кӯламда мазмунли суҳбат уюштирилиб, унинг жараёнида Марказий Осиё учун долзарб бӯлган масалаларга нисбатан мавқеимизни билдирдик.

Сув-энергетик захираларидан минтақанинг барча мамлакатлари манфаатларини ҳисобга олган ҳолда унумли ва комплекс фойдаланиш соҳасида яқин ҳамкорликлар масалалари бӯйича ӯзаро тушунишга эришилди.

Мавжуд ва қурилаётган гидроэнергетик иншоотлар минтақанинг сув-энергетик муаммоларини ҳал этишга ҳисса қӯшиши борасида фикримиз бир жойдан чиқди.

Бу борада биз Ӯзбекистоннинг Тожикистонда гидроэнергетик иншоотлар, жумладан, Роғун ГЭСини ривожлантириш масаласида қӯллаб-қувватлашини чин дилдан маъқуллаймиз.

Фурсатдан фойдаланиб, юқори, жумладан, БМТ минбарлари ҳамда мамлакат Парламентига ӯз Паёмларимда Тожикистон қӯшнилар учун сувдан фойдаланиш соҳасида муаммо туғдирмагани ва келажакда ҳам бундай қилиш нияти йӯқлигини неча марталаб айтганимни таъкидлашни истардим. Биз ҳеч қачон ва ҳеч қандай тарзда қӯшниларимизни сувсиз қолдирмаймиз.

Тожикистон давлат Мустақиллигининг биринчи кунлариданоқ минтақада тинчлик ва барқарорликни сақлаш, Марказий Осиё мамлакатлари ӯртасида ӯзаро самарали ҳамкорликларни ривожлантиришга ҳар томонлама ҳисса қӯшишни ӯз ташқи сиёсатининг муҳим йӯналишларидан бири сифатида эълон қилди.

Биз бундай бунёдкорона ҳаракатлар тарафдори бӯлиб қоламиз ҳамда Ӯзбекистон Республикасининг минтақада ӯзаро алоқаларнинг янги конструктив фазосини яратиш бӯйича ташаббусларини қӯллаб-қувватлашимизни билдирамиз.

Бу борада замонавий хатарлар ва таҳдидларга қарши кураш соҳасида ҳамкорликларни мустаҳкамлаш бӯйича келишувга эришдик.

Хавфсизлик ҳамда мудофаа соҳасида келгусидаги ҳамкорликлар тӯғрисида келишувни имзоладик.

Мазкур ҳужжатлар икки мамлакат ҳуқуқ ҳимояси органлари, мудофаа идоралари ва махсус хизматларининг мамлакатларимиз ва умуман, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашда яқиндан алоқалари тартибини белгилайди.

Бугунги суҳбатлар доирасида афғон муаммоси бӯйича фикр алмашиб, ушбу қӯшни мамлакатда юз бераётган ҳодисалар бӯйича нуқтаи назаримиз ӯхшаш эканлигини қайд қилдик.

Биз Афғонистонда тинчлик ва келишувни ӯрнатиш бӯйича саъй-ҳаракатларни маъқуллаймиз ҳамда афғон халқига бу жараёнда ҳар қандай ёрдам кӯрсатишда давом этамиз.

Белгиланган барча йӯналишлар бӯйича эришилган келишувлар икки Президентнинг биргаликда баёнотида батафсил акс этган бӯлиб, улар оммавий ахборот воситаларида нашр этилади.

Умуман, мамлакатларимизнинг ӯзаро алоқаларини ҳам икки томонлама, ҳам кӯп қиррали форматли мустаҳкамлаш зарурати тӯғрисида бир фикрда эканлигимизни таъкидлайман.

Ушбу ижобий натижалардан келиб чиқиб, бугунги олий даражадаги сӯзлашувларни тожик-ӯзбек дӯстона муносабатлари ва кӯп қиррали ҳамкорликларининг янги тарихий босқичи сифатида баҳолаймиз.

Шу муносабат билан муҳтарам Шавкат Миромоновичнинг ӯзаро алоқаларимизни тараққиётнинг сифат жиҳатдан янги оқимига чиқариш учун имконият яратиш ва зарур шароитларни шакллантиришдаги муҳим ҳиссасини алоҳида қайд қилишни истардим.

Бу йӯналишдаги ташаббусларингиз тожик-ӯзбек муносабатлари кун тартибидаги барча муҳим масалалар бӯйича ӯзаро муносабатларни яхшилашга ҳисса қӯшади.

Тожикистон Ҳукумати ва халқи номидан ушбу саъй-ҳаракатлар учун Сизга самимий миннатдорчилик билдираман.

Президентлик фаолиятини бошлаган илк кунларданоқ, азиз дӯстим ва биродарим Шавкат Миромонович минтақа бӯйича қӯшнилар билан ҳамкорликларни мустаҳкамлаш тарафдори сифатида ӯзаро муносабатларимизнинг босқичма-босқич ва кӯп қиррали тараққий этиши учун асос яратишда қӯлидан келгунча ҳаракат қилди.

Шавкат Миромонович, Ӯзбекистонда Сизнинг раҳбарлигингиз остида қисқа муддатда юз берган ижобий ӯзгаришлар Тожикистонда барчани хурсанд қилганини таъкидлашни ҳам истардим.

Сизга мустаҳкам соғлиқ ва олдингизга қӯйган барча мақсадларга эришиш йӯлида янгидан-янги муваффақиятлар, Ӯзбекистоннинг биродар халқига эса, тинчлик, фаровонлик ва омадлар тилайман.

Манба: www.prezident.tj

СУРОҒА

Маҳаллаи 20, бинои Кохи матбуот, 6 ошёна

E-mail: Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.

Телефон: