Автор: Суғд Ҳақиқати Категория: ВИЛОЯТ ЯНГИЛИКЛАРИ
Дата публикации Просмотров: 3333
Печать

Пайшанбе бозори Суғд вилоятининг Хужанд шаҳри марказида жойлашган бӯлиб, Ӯрта Осиёдаги энг катта усти ёпиқ бозорлардан бири ҳисобланади. Ҳар куни бу савдо марказига, нафақат, хужандликлар балки вилоятимизнинг барча шаҳру ноҳияларидан савдо-сотиқ қилиш учун юзлаб кишилар ташриф буюришади. Пайшанбе бозорида йилнинг ӯн икки ойи давомида энг сара мева ва сабзавотлар расталарни безаб туради. Дунёнинг барча минтақаларидан саёҳат учун келган сайёҳлар бозорнинг ғарб томонида жойлашган Регистон майдони, Жоме Масжиди ва Шайх Муслиҳиддин мақбараси, шимол томонда жойлашган минорадаги соатни катта қизиқиш билан томоша қилишади.

 

Тарихдан маълумки, Пайшанбе бозори ӯтган асрнинг иккинчи ярми бошларида қурилиб фойдаланишга топширилган бӯлиб, у «Колхоз бозори» («Бозори колхозӣ») деб номланарди. Чунки бозор колхозлар маблағи ҳисобига қурилган бӯлиб, ҳар бир жамоа хӯжалиги ӯз дӯкон ва расталарига эга бӯлган. Деҳқонлар етиштирган қишлоқ хӯжалиги маҳсулотларини ӯзларига тегишли бӯлган жойларда сотишган. Мустақиллик шарофати билан Пайшанбе бозори ҳам ободончиликка юз тутиб, замон талабига мувофиқ чирой касб этди. Бозор ташкил этилганидан буён Жоме масжиди ва бозор орасида обод этилмай қолган Регистон майдони саккиз-тӯққиз олдин таъмир этилиб, майдон текисланиб сопол плиталар ётқизилди ва бунинг учун «Фортуна» ёпиқ ҳиссадорлик жамияти томонидан 383 минг сомоний сарфланди.

-Охирги йилларда мева, сабзовот сотувчилар сотиш учун мӯлжалланган жойлардан четга, яъни Регистон майдонига, Шарқ кӯчасининг икки томонига маҳсулотларини ёйиб қӯйиб сотишни ӯрганиб олдилар. Харидорлар ӯтиши қийинлашиб, улар неча марта бизга бозорни тартибга келтириш хусусида шикоят ҳам қилишарди. Сотувчиларга бир неча марта бу ерларда савдо қилиш ман этилганлигини айтганимизга қарамай, улар яна ӯзларини билганидан қолмасди. Регистон майдони хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг таниб бӯлмайдиган даражада ӯзгариб кетди: деҳқону савдогарлар эрта саҳардан келиб жойларни эгаллаб олишади, ким нима хоҳласа олиб келиб сотадиган, ҳатто катта-катта машиналарда қишлоқ хӯжалиги маҳсулотларини келтириб тоғдек қилиб уюб қӯйишар, офтобдан, қор-ёмғирдан асраш учун турли хил матолардан соябон ясаб олишар эди. Улар ҳатто оёқ остидаги сопол плиталар оғир юк ортилган машиналарни кӯтара олмаслигини, синиб кетиши мумкинлигини хаёлларига ҳам келтирмас эдилар. Кечқурундаги аҳволни кӯринг: ҳамма ёқ чиқиндиларга тӯлиб кетарди. Ҳар-ҳар жойда йиғилиб ётган тарвуз, қовун мева пӯчоқлари, қоғозу селофан парчалари таъбингизни хира қиларди. Санитария-эпидемиология қоидаларига ҳеч ким риоя қилмасди. Регистон майдони тамоман ҳуснини йӯқотган эди,-дейди «Панҷшанбе» марказий бозори соҳибкорлари» жамият ташкилоти раиси Ғани Поччоев.

2016 йилда ӯша пайтдаги Хужанд шаҳар раиси чиқиш қилиб, Пайшанбе бозорида мева, сабзавот, озиқ-овқат маҳсулотларини сотишни тартибга келтириш мақсадида, чора-тадбирлар кӯриш зарурлигини таъкидлади. Хужанд шаҳар бозорлари раҳбарлари бозорнинг ён-атрофи, йӯлаклар, кӯча бӯйларидаги сотувчиларига бозорнинг ичидан жой берилиши, санитария-эпидемиология қоидаларига қатъий амал қилиши уқтирилди.

Санитария-гигиена меъёрлари талабига жавоб бермайдиган жойларда сут, гӯшт, полиз маҳсулотлари сотиш таъқиқланиши ва қоидага амал қилишдан бош тортганларга нисбатан маъмурий жазо тайинланиши баён этилди.

Шундан сӯнг барча масъул шахслар, ички ишлар ходимлари билан биргаликда сотувчиларни қоидага амал қилишга даъват этдилар. Уларнинг бир қисмига Пайшанбе бозорининг ички томонидан жой берилган бӯлса, бир қисмига бозор дарвозасининг икки томонидан жой ажратилди. Хуллас, сотувчилар маҳсулотларини сотиши учун имконият яратиб берилди. Регистон майдони олдингидек, чиройли, кӯркам ҳолатига қайтарилди

-Бозорнинг атрофидаги маҳаллалар аҳолиси бизга бир неча марта мурожаат қилиб, Регистон майдонида кечаси ҳам нотинчлик бӯлаётгани, одамлар чодир тутиб, ҳатто шу ерда тунаётганликларини бу эса фарзандлар тарбиясига салбий таъсир кӯрсатаётгани, айтишди. Биз-бозор маъмурияти маҳалла қӯмиталари раислари билан биргаликда тинч аҳоли турмуш тарзини бузмаслик учун барча чораларни кӯрдик,-дейди Исмоилжон Алиев бозор раиси ӯринбосари.

Яқинда Суғд вилояти Раиси вазифасини бажарувчи Ражаббой Аҳмадзода сотув нуқталари ҳолати ва маҳсулотларнинг нархи билан танишиш мақсадида Пайшанбе бозорида бӯлди.

-Вилоят Раиси вазифасини бажарувчи Ражаббой Аҳмадзода бозорни айланиб чиқиб, мева-сабзавотлар нарху навоси, тӯкин-сочинлиги, сифат даражаси қониқарли эканлиги, фақат гӯштнинг нархи бироз қимматлигини айтиб, унинг кӯрсатмаси ва тавсияси билан қӯй гӯштининг нархи 38 сомонийдан 36 сомонийга, мол гӯштининг нархи 35 сомонийдан 33 сомонийга туширилди. Аввало, «Тожикматлубот» идораси томонидан гӯшт сотиш нуқтаси ташкил этилиб, нафақат, бу савдо нуқтасида балки бозор ҳудудидаги мавжуд 20та гӯшт дӯконларида ушбу нархномага тӯла амал қилинмоқда. Бозор маъмуриятига нархларни пасайтириш жиҳатидан соҳибкорларни қӯллаб-қувватлаш, бозорда фаолият юритаётган барча сотувчиларга зарурий шароит яратиб бериш топшириғи берилди,-деб таъкидлайди Ғ.Поччоев.

Ражаббой Аҳмадзода бозорни Наврӯз байрамигача меъморий лойиҳа асосида таъмирлаш ишларини ташкил этиш вазифаси архитектура ва меъморчилик бӯлими ва масъуллар зиммасига юклатилди.

Ғ.Поччоев сабзавот маҳсулотлари сотиладиган бозорни замонавий талабга берадиган меъморий лойиҳа асосида қуриш режалаштирилгани, ушбу бозорда савдо қиладиган сотувчилар учун қулай шароит йӯқлигини, яқин орада бу хайрли ишни бошлашга азм қилганликларини маълум қилди.

Биз бозордаги нарху наво, хизмат кӯрсатиш сифати тӯғрисида Пайшанбе бозорига ташриф буюрган меҳмонлар ва шаҳар фукароларига мурожаат қилдик:

Шавкатжон Орипов:

-Мен узоқ йиллардан буён Россияга ишлаш учун бориб келаман. Шаҳарга келганимдан сӯнг, албатта, бозорларни айланиб чиқаман. Бозорларимиздаги фаровонликни кӯриб қувонаман. Меваларнинг мазасини айтмайсизми, бирон юртда шундай тотли мевалар бӯлмаса керак, деб ӯйлайман. Юртимиз жанубида айни фуқаролар уруши авж олган пайтларда Душанбе шаҳридаги олийгоҳлардан бирида таҳсил олардим. Ӯша пайтларда бозорларнинг файзи путури қолмаган, қидирган нарсангизни топа олмасдингиз. Шукурки, ҳозирда бозорлардан нимани хоҳласак, қишин-ёзин ҳамма нарса сероб.

Мунира Муҳаммадиева, нафақахӯр:

-Вилоят Раҳбарининг Пайшанбе бозорига ташриф буюрганини телевидение орқали томоша қилдик. Гӯшт-нинг нархи озгина бӯлса-да, арзонлашганини эшитиб, биз нафақахӯрлар хурсанд бӯлдик. Бу қувонарли ҳол, албатта. Бугун бозорга келиб, гӯшт дӯконлари пештоқига мол гӯшти 33 сомоний баъзи жойларда 32 сомоний, қӯй гӯшти 36 сомоний деб ёзиб қӯйганини гувоҳи бӯлдик. Бироқ қассоблар молни қиммат олганликларини, агар 38 ва 35 сомонийдан сотсаларгина, улар зарар кӯрмасликларини айтишмоқда. Муҳими уй-рӯзғор учун кундалик ишлатиладиган гуруч, картошка, пиёз, сабзи, мева маҳсулотлари кам эмас.

Олесья Матвеева, сайёҳ:

-Мен асли Хужанд шаҳриданман, лекин бир неча йиллардан буён Польша давлатининг Варшава шаҳрида яшайман. Дам олиш ва эски танишларимни кӯриб кетиш учун келганман. Хужанд шаҳри жуда чиройли бӯлиб кетибди, бозор ҳам катталашиб ӯзгарган.

У ерда ҳам барча нарса етарли. Лекин рости гап бу ердаги бозорларда, айниқса, Пайшанбе бозорида айланиб юриш, савдо қилишнинг гашти бошқача. Ҳар келганимда Варшавадаги дӯстларим юртимизнинг қоқи, майизини олиб келишимни тайинлашади. Махсус совға учун саватчаларда терилган мева қоқларидан олиб бораман ва улар катта қизиқиш билан битталаб кӯриб чиқишади.

Халқнинг қандай яшаётганини билмоқчи бӯлсанг, аввало, ӯша юртнинг бозорига бор. Агар бозори обод, барча нарса фаровон бӯлса, демак, аҳолисининг яшаш тарзи ҳам яхши бӯлади, дейишади. Пайшанбе бозори ҳам ана шундай бозорлардан биридир. У Суғд вилоятининг кӯрки, аҳолисининг фахри ҳисобланади. Шаҳримизда меҳмон бӯлган ҳар бир кишини ӯзининг салобати, тарихий аҳамиятга эгалиги билан ӯзига жалб этади ва асрлар давомида жозибасини йӯқотмайди.

Малоҳат МАҲКАМОВА

СУРОҒА

Маҳаллаи 20, бинои Кохи матбуот, 6 ошёна

E-mail: Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.

Телефон: