Автор: Суғд Ҳақиқати Категория: ВИЛОЯТ ЯНГИЛИКЛАРИ
Дата публикации Просмотров: 3179
Печать

Россия Федерациясининг узоқ Архангелск вилоятидан келган дӯстларимиз ҳаётида биринчи марта Тожикистонга ташриф буюришди. Бир ой давомида ӯзларининг тили билан айтганда, кислородга тӯйишди. Кун ора қон босими ошган Ангелина Пояркованинг бу ерда бирор марта ҳам бу дарддан шикояти бӯлмади. Меҳмонларни айлантириш баҳонасида ӯзим ҳам жаннатмакон юртимизнинг гӯзал табиатидан баҳраманд бӯлдим.

Жорий йилда юртимизда иқтисодиётни юксалтиришнинг муҳим омили бӯлган сайёҳлик йӯналишини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси, Тожикистон Президенти, Миллат пешвоси Эмомали Раҳмоннинг 2018 йилнинг сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили деб эълон қилиниши ва бу йӯналишда олиб борилаётган ишлар фикримизнинг далилидир.

 

Айни пайтда, ички ва ташқи сайёҳликни ривожлантириш, хусусан, жумҳуриятимизнинг турли ҳудудларида яшовчи аҳоли вакилларининг Тожикистоннинг тарихий шаҳарлари, маданий-маърифий ва экологик марказларига саёҳатларини ташкил этиш бӯйича анчагина ишлар амалга оширилмоқда.

Меҳмонларни айлантириш давомида Гулистон шаҳрида жойлашган “ Баҳористон”, “Соҳил”, “Шифо”, Истаравшан, Исфара, Шаҳристон, Ашт каби бир қанча шаҳру ноҳиялардаги даво масканлари шароити билан танишдик. Бизнинг диёрда ҳам даволовчи туризм амал қилишини кӯриб, қалбимда фахр туйғулари жӯш урди.

Даволовчи туризм бутун дунёда кенг оммалашган бӯлиб, Чехия, Словакия, Венгрия ва Германия бу йӯналишда етакчи мамлакатлар ҳисобланади. Улардан кейинги ӯринларни Австрия, Швейцария, Франция, Жанубий Европа, Америка, Яқин Шарқ мамлакатлари ва бошқалар эгаллаган.

Тожикистонда ҳам турли сиҳатгоҳлар аҳолига хизмат кӯрсатмоқда. Шаҳристон арчазорлари, Аштдаги “Аксикон”, Исфарада “Зумрад”, Гулистон шаҳридаги “Баҳористон” каби дам олиш масканлари сайёҳликни ривожлантиришда катта ҳисса қӯшмоқда. Бундай жойларда асаб, юрак қонтомир тизими, таянч-ҳаракат, нафас йӯллари ва эндокрин касалликлар даволанади.

Соғломлаштирувчи саёҳат, дам олиш турлари бизда ҳам яхши йӯлга қӯйилган, уларда саломатликни сақлаш йӯлида барча шароитлар муҳайё этилиб, игнатерапея, ароматерапея сув муолажалари, балчиқ билан даволаш сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли соғлигини тиклаши шубҳасиз.

Муҳтарам Президентимиз, Миллат пешвоси Эмомали Раҳмоннинг Тожикистонни “ер юзининг жаннати” деб юксак баҳолаганликларига яна бир марта амин бӯлдим. Президентимиз жорий йилда Суғд вилоятига қилган сафарлари давомидаги учрашувлардан биридаги нутқларида сайёҳликни ривожлантириш борасида гапириб, жорий йилнинг ӯтган беш ойи давомида мамлакатимизга 900 минг нафар сайёҳ ташриф буюрганини, унинг 600 мингтаси Суғд вилоятига келганлигини айтиб ӯтган эдилар.

Яқинда довон оша пойтахтга бордик. Биргина шу йӯлнинг ӯзида тӯрт фаслнинг мужассам эканлиги гувоҳи бӯлдик. Айни саратон офтобида етилган тарвуз полизидан тортиб, эндигина гулга бурканган тоғларнию оппоқ қорли чӯққиларни кӯриб, она табиат мӯъжизасига таҳсинлар ӯқидик. Йӯл четларида теварак-атрофни суратга олаётган сайёҳларни учратдик. Менингча, биргина шу довоннинг ӯзиёқ ҳар қандай сайёҳни мафтун эта олса керак.

Дугонам Ангелина: “Мен аслида бирор даволаниш масканида ётиб даволаниш учун келган эдим. Лекин бу ернинг тоза ҳавоси, ёқимли қуёш нурлари, мафтункор табиати, одамларнинг самимияти мени даволаб қӯйди. Қуёш тафтида дугонамнинг томорқасида картошка чопиб, помидор кӯчати ӯтқазиш ишларида ёрдам бердим, даладан қулупнай териб едик. Бундай жисмоний меҳнат менинг маззамни қочирар эди. Бу ерда эса аксинча, кучимга куч, ғайратимга ғайрат қӯшди. Бир ой давомида биҳиштга кириб қолгандай сездим ӯзимни. Энди меҳнат таътилини доим Тожикистонда ӯтказаман, бундан кейин йӯлкира йиғаман”,-деган гапларидан ҳам жонажон юртимизда сайёҳлар учун саломатликни сақлаш, касалликларни олдини олиш, умумий жисмоний ҳолатни яхшилаш ҳамда кӯтаринки кайфиятни сақлаш учун барча имконият бор.

Б.АҲМЕДОВА

СУРОҒА

Маҳаллаи 20, бинои Кохи матбуот, 6 ошёна

E-mail: Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.

Телефон: