Автор: Суғд Ҳақиқати Категория: ВИЛОЯТ ЯНГИЛИКЛАРИ
Дата публикации Просмотров: 522
Печать

Хужанд шаҳар давлат ҳокимияти ижроия органи мажлислар залида 2017 йилдаги фаолият натижаларига бағишланган матбуот конференцияси бӯлиб ӯтди. Йиғилишда Хужанд шаҳар раиси Маъруф Муҳаммадзода чиқиш қилиб, ӯтган йил давомида эришилган ютуқлар ва мавжуд муаммоларга тӯхталди.

2017 йил давомида шаҳар давлат бюджети даромад қисми (ижтимоий солиқни ҳисобга олмаганда) 102 фоизга таъминланиб, бюджетга 342,5 миллион сомоний киритилдики, бу кӯрсаткич тасдиқланган режадан 6,7 миллион сомоний ва ӯтган 2016 йилга нисбатан 32,3 миллион сомоний кӯпдир. Ӯн бир хил солиқдан ӯнтаси тӯлиқ бажарилиб, фақатгина даромаддан солиқ тӯланиши ижро этилмади. Натижада, бюджетга 8,6 миллион сомоний миқдоридаги маблағ киритилмади.

 

Шаҳар раисининг айтишича, шаҳар бюджетини бойитишда саноат корхоналарининг ҳиссаси катта бӯлиб, бунда соҳибкорларнинг улуши 75 фоизни ташкил этган. Бюджетнинг бойиши шаҳар иқтисодий вазиятининг яхшиланиши учун асосий замин бӯлиб хизмат қилади. Бу йӯналишда фаолият юритаётган саноат корхоналарининг ишлаб чиқариш иқтидорини ошириш, ишчиларга қулай меҳнат шароити яратиш учун кӯзга кӯринарли ишлар амалга ошириляпти. Ӯтган йилда 20 саноат корхонаси ишламади. Бунинг асосий сабаби, улар ишлаб чиқарган маҳсулот рақобатга чидамли эмаслигидир. Фаолияти тӯхтаб қолган бу корхоналардан олтитаси ишга туширилиши ва аҳоли учун иш жойи ташкил этилиши режалаштирилган.

Ӯтган йилнинг декабр ойи охирида қаттиқ шамол туриши оқибатида 58та кӯп қаватли уйлар томи, ҳовлилар, ташкилот ҳамда идоралар бинолари, ижтимоий иншоотлар жиддий зарар кӯрди. Тунда юз берган бу табиий ҳодиса туфайли шаҳар иқтисодиётига 5 миллион 890 сомонийлик моддий талафот етди. Суғурта қилинган биноларнинг зарари суғурта ташкилотлари томонидан ажратилган маблағ эвазига қопланмоқда. Шунингдек, аҳоли билан ҳам ҳамкорликда иш олиб бориляпти. Аҳоли яшайдиган кӯп қаватли биноларнинг томи, асосан, шу ерда яшовчиларнинг ташаббуси билан шиферланган. Сарфланган маблағ манзил учун тӯланадиган ҳақ ӯрнига ӯтказилган. Бу объектларда ишлаган усталарнинг тажрибаси етарли эмаслиги, ишни наридан-бери битирганлари шу ҳодиса туфайли аниқ бӯлди. Бу ҳодиса қурилиш ишларини мукаммал бажариш лозимлиги, усталарга бирор объектни топширишдан аввал, мавжуд меъёрлар асосида уларнинг малакасини текшириш зарурлигини кӯрсатди.

Ҳисобот даврида 4860та фуқаролар мурожаати қайдга олинган бӯлиб, бу ӯтган йилга нисбатан 349та камдир. Фуқаролар, асосан, уй қуриш учун ёрдам сӯрашган. Ӯтган йили 585 кишига ҳовлиолди ер участкаси берилган. Уларнинг ҳаммаси яшаш жойига эҳтиёжманд кишилардир. Кейинги йилларда, ҳаммаси бӯлиб, 7500 фуқарога Хужанд шаҳри ҳудудидан ва Сайҳун шаҳарчасидан ҳовлиолди ер участкаси берилган. Уларнинг кӯпчилиги уй қуриш учун маблағи етарли бӯлмагани учун шаҳар ҳукуматидан ёрдам сӯраб мурожаат қилишган.

Маъруф Муҳаммадзода жорий йилда қилиниши режалаштирилган ишларга тӯхталиб, Сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йилида шаҳар янада кӯркамлашишини таъкидлади.

Хужанд шаҳрида яна битта маданият ва дам олиш боғи, яъни Абу Маҳмуд Хужандий боғи қурилиб, фойдаланишга топширилади. Камол Хужандий номидаги «Қалъаи Хуҷанд» тарихий-маданий мажмуасида эса, халқ ҳунармандчилиги намуналарини сотиш учун расталар, кӯргазма ӯтказиладиган жой ва миллий чойхона қурилиши назарда тутилган. Кейинги йилларда «Қалъаи Хуҷанд» тарихий-маданий мажмуаси ва Исмоил Сомоний хиёбони оралиғида осма йӯл қурилиб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Бу тадбир шаҳарга ташриф буюрган сайёҳларнинг Хужанд шаҳрининг кӯзга кӯринган масканларини томоша қилишлари учун қулайлик туғдиради.

Шунингдек, шаҳардаги кӯп қаватли биноларнинг ташқи кӯринишини яхшилаш учун тадбирлар белгиланган. Бу йил 40та бино замонавий тарзда таъмирланиб, рангланиши назарда тутилган. Йӯл четларида ва корхона ҳамда ташкилотлар ҳовлиларида қуриб қолган дарахтлар кесиб олингач, улардан қолган тӯнкалар ноқулайлик туғдирарди. Яқинда 900 туп мана шундай тӯнка томири билан кӯчириб олинди. Натижада, йӯлак ва ариқлар бузилган. Томирлардан қолган чуқурнинг ӯрнини тӯлдириш, ариқларни тозалаш ва йӯлакларни текислаш ишлари олиб бориляпти.

Айниқса, кӯчалардаги тартибсиз бозорни камайтириш ва сотувчиларни бозор ичкарисида савдо растаси билан таъминлаш борасида яхши ишлар амалга ошириляпти. Пайшанбе мавзесидаги Регистон ва Шарқ кӯчасида сотувчилар томонидан ӯзбошимчалик билан ташкил этилган тартибсиз бозорга барҳам берилиб, шаҳар аҳолиси ва меҳмонларнинг бемалол сайр қилишлари учун шароит яратилди. Бу йӯналишда шаҳарнинг 4та киравериш жойига улгуржи бозор ва деҳқонлар бозори барпо этилиши режалаштирилган.

Жорий йилда соҳибкор ва ҳунарманд аёллар фаолиятини қӯллаб-қувватлаш учун қулай шароит яратилади. Бу йӯналишда ҳар йили 65 минг сомоний миқдорида Хужанд шаҳар раиси гранти ажратилар эди. Бу йил грант маблағи миқдори 120 минг сомонийга етказилади. Шунингдек, ӯз маҳсулотларини ишлаб чиқариб, маҳаллий бозорларни фаровон қилган тадбиркорлар турли солиқлардан озод этилади.

Шаҳарда коммунал хизмат кӯрсатиш ишлари яхшиланишни талаб этиши таъкидланди. Январ ойининг охирида ҳавонинг бирдан совиб кетиши аҳолини сув билан таъминлашда ноқулайлик туғдирди. Кӯп қаватли биноларнинг айримларида яшовчиларга ичимлик суви юқоридан пастга томон берилади. Бу бинолардаги асосий сув қувури юқоридаги махсус хонага (чердакка) чиқарилиб, сӯнг тарқатилади. Ҳаво совуқ бӯлгани учун бу қувурлар музлаб, бир нечта биноларда ичимлик суви бӯлмади. Бу ҳолатни бартараф этиш учун тезликда 4та гуруҳ тузилиб, иш олиб бориляпти. Шаҳарда мавжуд муаммолар бартараф этилмоқда.

Йиғилиш сӯнгида журналистлар Хужанд шаҳар раисига турли савол ва таклифлар билан мурожаат этишди.

Ойдин СУЛАЙМОНОВА

СУРОҒА

Маҳаллаи 20, бинои Кохи матбуот, 6 ошёна

E-mail: Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.

Телефон: